Ўзбекистон | 13:54 / 26.09.2018
8161
6 дақиқада ўқилади

​Сифати кафолатланмаган маҳсулотлар истеъмолчига зарурми?

Жисмоний шахслар тижорат мақсадида товарларни чет элдан божхона постлари орқали олиб кирмоқчи бўлса, бунинг қандай салбий оқибатлари мавжуд? Масалан, жисмоний шахслар чегара орқали совутгич ёки кондиционерларни имтиёзли норма билан, кейинчалик тижорат мақсадида республикага олиб кириши сўнгги пайтда кўп кузатилмоқда. Бу жараён қандай юз бераётгани ҳақида Божхона экспертизаси ва Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритиш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Бахтиёр Абдуғаниев Kun.uz'га маълумот берди. 

«Биринчидан, ушбу совутгич​ ва кондиционерлар хавфсизлигини кафолатловчи мувофиқлик сертификатига эга бўлмайди, демак республикага сифати кафолатланмаган товар олиб кирилиши эҳтимоли юқори. Бу эса харидор, яъни охирги истеъмолчини хавфсиз бўлмаган товарга эгалик қилишига сабаб бўлади.

Иккинчидан, шу ҳолатдан келиб чиқиб, совутгич​ ёки кондиционер қисқа вақт ичида носоз ҳолга келди дейлик, уни ҳеч ким бепул ва кафолатли таъмирлаб бермайди, шунингдек мазкур жиҳоз расмий устахоналарда ҳам таъмирлаб берилмайди.

Учинчидан, совутгич​ ва кондиционерлар озон емирувчи моддалар, яъни фреонлар ёрдамида ишлайди, ҳукумат қарорлари билан кўп турдаги фреонларни республикага олиб кириш тақиқланган. Бу норма Халқаро Монреал протоколи ва Вена конвенцияси асосида қабул қилинган. Бунга кўра, Ўзбекистон халқаро мажбуриятларни олган, саволингизда назарда тутилган ҳолда, мазкур товарларни республикага кириб келиши, Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини бажармаслигига, энг ёмони эса ер куррасини ҳимояловчи озон қатламини бузувчи моддаларни республикага норасмий кириб келишига сабаб бўлади.

Тўртинчидан, мамлакатимиздаги шу турдаги товарларни ишлаб чиқарувчилар ҳамда республикамизга барча божхона божларини тўлаб, тегишли текширувларни амалга оширгандан сўнг олиб кирилиб сотилаётган товарларни рақобатбардошлигига путур етказади, яъни бозорларда носоғлом савдо муҳити ҳосил бўлади»​, дейди Абдуғаниев.

Божхона экспертизаси ва Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритиш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Бахтиёр Абдуғаниев

Энди иккинчи мисол, озиқ-овқат маҳсулотларини кўрайлик.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий кўрсаткичлардан бири маҳсулотнинг хавфсизлиги ва безарарлиги ҳисобланади. Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати эса уларнинг истеъмол хоссаларини белгилаб бериши ва унинг одамлар ҳаёти ва соғлиги учун хавфсизлигини таъминлаши зарур.

«Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги деганда, маҳсулотларининг санитария, ветеринария, фитосанитария нормалари ва қоидаларига мослиги тушунилади. Ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотларининг белгиланган ва талаб этиладиган сақлаш ва ташиш меъёрлари мавжуд. Масалан, тез бузиладиган ва совутгичларда сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотларига гўшт ва гўшт маҳсулотлари (колбаса, консерва), сут ва сут маҳсулотлари (йогурт, пишлоқ, сариёғ), балиқ, тухум, қандолат ва ҳоказо маҳсулотларини киритишимиз мумкин», дея фикр билдирган ДБҚ вакили. 
Ушбу маҳсулотларни ташишда санитария ва гигиена қоидаларига риоя этиш жуда муҳимдир. Чунки мазкур озиқ-овқат маҳсулотлари юқори ҳароратда сақланганда ёки ташилганда уларнинг таркибида микроорганизмларнинг ривожланиши кўпаяди ва инсон саломатлигига хавфлилик даражаси ортади.

Айрим озиқ овқат маҳсулотларини сақлаш ҳарорати

Ҳозирги ҳаво ҳарорати 24 дан 28 0С гача бўлган пайтда, шоколадлар эриб, кўриниши жуда хунук ҳолатга келади, таъми ўзгаради ва бактерияларни яшаши ва кўпайиши учун қулай бўлган, аммо инсон истеъмоли учун маҳсулотнинг сақлашдаги хавфли ҳарорат режим шу диапазондаги ёки ундан юқори ҳарорат ҳисобланади.

Сақлаш қоидаларига амал қилмасдан ташилган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилинганда фуқаролар ўртасида ўткир юқумли ошқозон ичак касалликларини келтириб чиқариши мумкин бўлиб, уларни истеъмол қилиш инсон ҳаёти ва соғлиги учун хавфли ҳисобланади.

Қолаверса озиқ овқат –маҳсулотлари хавфсизлик кўрсатгичлари бўйича лаборатория синовлари ва текширувларидан ўтиши ва мувофиқлик, санитария-эпидемиология ​сертификатлари билан таъминланган бўлиши шарт.

Божхона экспертизаси ва Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритиш бошқармаси лабораторияси

Афсуски охирги пайтларда, чегара ўтказиш пунктлари орқали жисмоний шахслар томонидан озиқ-овқат маҳсулотларини ўз эҳтиёжи учун нормаси сифатида маълум қилиб, кейинчалик эса республикамизнинг ички ҳудудларида сотиш ҳолатлари учрамоқда. Масалан, агар жисмоний шахс болалар бўтқаси яъни каша озиқ-овқат маҳсулотини ўз эҳтиёжи учун, фарзандига олиб кираётган бўлса, уни эҳтиётини қилади, агар тижорат мақсадида олиб кирмоқчи бўлса-чи?

Биринчидан, ушбу тижорат миқдорини эҳтиётини қилиш имконияти бўлмайди, бу нима дегани, ҳар қандай озиқ-овқат маҳсулотида сақлаш ва ташиш шароти белгиланган, жумладан кашаларнинг қутиларида товарни сақлаш ва ташиш шароити 5-20оС ҳарорат этиб кўрсатилган. Ҳозирги шароитда ҳарорат 22-26оС кам эмас, кашаларни шу шароитда сумкага солиб, уларни қутиларини қийшайиб бузилиш ҳолатида олиб кирилиши ва сўнгра уни фарзандларимиз жажжи чақалоқларни истеъмол қилиши қандай салбий оқибатга олиб келишини ўйлашнинг ўзи кишини жунбушга келтиради.

Иккинчидан, ушбу товарлар нотижорат мақсадида олиб кириляпти, деб қаралганлиги сабабли, тиббий биологик ҳамда мувофиқлик бўйича талабларга ҳам жавоб бериши юзасидан текширилмайди, бу ҳолатда ҳам юқоридаги салбий ҳолат бўлиши эҳтимоли катта.

Учинчидан, ушбу кашалар ким томонидан, қандай шароитларда тайёрланганлиги, уларни қалбакилаштирилмаганлиги кафолатланмайди, шунингдек энг асосийси ушбу товарлар сифати бўйича сўраш мумкин бўлган масъул одамни ўзи йўқ, чунки “ташимачи”нинг бундай нарсаларга ақли етишига ишонч йўқ.

Тўртинчидан, мамлакатимиздаги шу турдаги товарларни ишлаб чиқарувчилар ҳамда республикамизга барча божхона божларини тўлаб, тегишли текширувларни амалга оширгандан сўнг олиб кирилиб сотилаётган товарларни рақобатбардошлигига путур етказади, яъни бозорларда носоғлом савдо муҳити ҳосил бўлади.

Мавзуга оид