Ўзбекистон | 16:15 / 27.09.2018
14326
7 дақиқада ўқилади

Оптимал энергетик мувозанат: Атом электр станцияси ва электр энергиянинг бошқа манбалари

7 сентябрь куни Ўзбекистон ва Россия Бош вазирлари Абдулла Арипов ва Дмитрий Медведев томонидан имзоланган Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС)ни қуришга доир ҳукуматлараро ҳужжат томонларнинг мамлакатда биринчи АЭСни лойиҳалаштириш, қуриш, ишга тушириш ва эксплуатация қилиш бўйича эришилган келишувларини ривожлантириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди. Мамлакатнинг атом энергетикасини ривожлантиришга доир саъй-ҳаракатларига қарамай, энергетик комплексни ривожлантиришда кўпроқ қайта тикланувчи энергия манбалари, хусусан қуёш энергетикасига кўпроқ урғу бериш кераклигига доир фикр-мулоҳазалар етарлича. Бундай ёндашув тарафдорлари энг аввало Ўзбекистоннинг серқуёш ўлка эканлиги ва бундан фойдаланиб қолиш кераклигини сабаб сифатида келтиришади. 

Фото: Россия Федерацияси ҳукумати ахборот хизмати

Аслида эса қуёш ва атом энергетикасини бир-бирига қарши қўйиш тўғри эмас. Улар бир-бирига рақиб эмас, углеродсиз энергия мувозанатининг бир-бирини тўлдириб турувчи элементларидир. Биз шундай мувозанат сари ҳаракат қилишимиз керак, зеро 2017 йилнинг апрелида Ўзбекистон иқлим бўйича Париж шартномасини имзолаган ва энди атмосферага чиқувчи CO2 чиқиндиларини камайтириш йўналишида иш олиб бориши табиий. Қуёш энергетикаси ҳам, АЭС ҳам "яшил" энергия ҳисобланади - уларни ривожлантириш орқали глобал исишга қарши самарали курашиш мумкин. Қуёш генерациясига оид маълумотлар у қадар кўп эмас, зеро электр энергия олишнинг бу усули ҳали ривожланиш босқичида. АЭС эксплуатациясига доир тажриба эса етарлича - Европадаги атом станциялари ҳар йили 700 миллион тонна CO2 эмиссиясини четлаб ўтиш имконини беради, Японияда эса бу кўрсаткич 270 миллион тонна CO2'ни ташкил қилади. РФдаги АЭСлар йилига 210 миллион тонна карбонад ангидриднинг атмосферага чиқиши олдини олади ва мамлакат бу кўрсаткич бўйича жаҳонда тўртинчи ўринда туради. 

Фото: Dreamstime

Қуёш энергиясининг қайта тикланишдан ташқари бошқа кўплаб ижобий томонлари ҳам бор - юртимизда қуёшли кунларнинг кўплиги, шовқин йўқлиги, тежамкорлик ва эксплуатацион харажатларнинг юқори эмаслиги. Бироқ харажатларнинг тежамли эканини ҳис қилиш учун дастлаб уйни қуёш панеллари билан жиҳозлаш керак, бу эса ушбу босқичда муайян чиқимларни келтириб чиқаради. Шунинг учун қуёш энергетикаси фаол ривожлантирилаётган мамлакатларнинг аксариятида, масалан, Германияда давлатнинг қуёш генерациясига ўтаётганларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган махсус дотацион дастурлари мавжуд. Дарҳақиқат, қуёш нурини электр токига айлантирувчи қуёш батареялари ва гелиоқурилмалар, яъни қуёш панеллари комплектлари секин-аста арзонлашиб бормоқда. Бу бутун дунё бўйлаб қуёш энергетикасини ривожлантиришга доир илмий-техник тадқиқотларни молиялаштириш кузатилаётгани ва нархни пасайтириш устида юзлаб олим ва муҳандисларнинг иш олиб бораётгани билан изоҳланади. Умуман олганда, сўнгги 45 йилда унинг баҳоси пасайган, масалан, қуёш батареялари ёрдамида ишлаб чиқарилувчи 1 кВт.с энергиянинг таннархи 1970-йилларда тахминан 60 долларни ташкил қилган бўлса, 2015 йилда унинг нархи 0,2-0,3 долларни ташкил қилди. 

Энди инобатга олиш керак бўлган салбий жиҳатлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, қуёш энергияси энг аввало бугунги кунда саноат учун зарур бўлган узлуксиз электр энергиясини етказиб бера олмайди, чунки қуёш йил бўйи узлуксиз нур сочиб турмайди. Албатта, олимлар томонидан аллақачон қуёш энергиясини тўпловчи ва уни олишдаги беқарорликни қисман бартараф этувчи аккумулятор батареялари ихтиро қилинган, бироқ уларнинг нархи баланд эканини унутмаслик керак.

Фото: Pixabay

Ўзбекистонда электр энергия истеъмоли барқарор ўсиб бормоқда, бу иқтисодиёт ва саноатнинг ривожланаётгани, шунингдек электр энергия ва иссиқлик мамлакатнинг чекка ҳудудларига ҳам етказилиши кераклиги билан боғлиқ, албатта. Маълумотларга кўра, 2006 йилда республиканинг электр энергиясига бўлган талаби 49,3 миллиард кВт.с'ни ташкил қилган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич деярли 20 фоизга -  60,7 кВт.с'га ўсган, бу эса 2030 йилга бориб 117 миллиард кВт.с'га етиши мумкин дегани.

Агар Ўзбекистон иқтисодиёти, хусусан саноат, қишлоқ ва уй-жой коммунал хўжалигининг айни дамдаги ривожланиш суратлари сақланиб қоладиган бўлса, у ҳолда электр энергия истеъмоли ўсишда давом этади. Таъкидлаш жоизки, қуёш генерациясини кенг кўламда тарғиб қилиш имкониятлари нафақат уларни ўрнатиш нархи, балки бўш майдонлар томонидан ҳам чекланган. Қуёш нурларидан 1 кВс электр энергиясини ишлаб чиқариш учун салмоқли даражадаги қуёш панеллари майдони талаб этилади, қанча кўп қуёш панели ўрнатилса, шунча кучли қуёш электр станциясига эга бўласиз. 

Қуёш энергияси қўлланувчи тармоқлар етарлича эканига қарамай, у ҳозирча кўпроқ қандайдир маҳаллий вазифаларни бажаришда кўмак бермоқда. Масалан, алоҳида бинолар ёки марказий электр энергия таъминотига уланмаган кичик аҳоли пунктлари қуёш панеллари билан таъминланади.

Шундай экан, мамлакат иқтисодиёти ва саноатини ривожлантириш учун зарур бўлган базавий энерготизимни қуёш генерацияси билангина таъминлаб бўлмайди, айниқса,  бугун Ўзбекистон ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларни амалга ошираётган бир даврда. 

Атом электр станциялари эса бу борада аниқ устунликка эга - бу барқарор, ишончли ва нарх жиҳатидан ҳамёнбоп энергия манбаи. У ёқилғи нархига кучли тобеъ бўлмайди, зеро атом генерациясида ураннинг таннархи улуши атиги 4-5 фоизни ташкил қилади, шундай экан, уран нархининг ўзгариши охир-оқибат электр энергиянинг нархига деярли таъсир кўрсатмайди. Ҳозирги босқичда электр энергияни муқобил энергия манбаларидан кўра атом станцияларида ишлаб чиқариш анча арзонга тушади. Қуёш генерацияси орқали олинган электр энергияси нархи келгусида қандай бўлишини эса тахмин қилиш қийин. Углерод генерацияси нархини ҳам прогноз қилиш мураккаб, чунки тахминан 10 йилдан кейин табиий газ баҳоси қанча бўлишини ҳеч ким билмайди. АЭС эса кўп йиллар давомида арзон ва барқарор электр энергиясини кафолатлайди. Бу эса миллий саноат барқарор ривожининг муҳим шартларидан биридир.

Шундай экан, атом ва қуёш энергетикаси ўртасидаги танлов муаммоси бўлишининг ўзи нотўғри. Кўплаб мамлакатлар энергия тизими трансформацияси буни тасдиқлайди. Хусусан, Ўзбекистон каби қуёш энергетикасини ривожлантириш салоҳияти юқори бўлган БАА, Миср, Саудия Арабистони, Иордания каби қатор мамлакатлар тобора кўпроқ ядровий энергетика ривожига эътибор қаратишмоқда. Ҳатто дунёнинг энг йирик иқтисодиётларидан бири ҳисобланган ва нафақат қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантираётган, балки қуёш панелларини ҳам ишлаб чиқарувчи Хитой ҳам атом энергетикасини фаол ривожлантирмоқда.

Лола Рахманбаева

Мавзуга оид