Жаҳон | 01:06 / 29.08.2024
2356
3 дақиқада ўқилади

Швейцария янги АЭСлар қурилишига қўйилган тақиқни бекор қилиши мумкин

2019 йилда Швейцария атом энергиясидан воз кечиш жараёнида 47 йил давомида фойдаланиб келинган Мюлеберг АЭС фаолиятини тўхтатган эди.

Фото: AFP

Швейцария Федерал кенгаши экологик тоза энергия манбалари билан таъминлашда юзага келган муаммолар фонида 2018 йилдан янги атом электр станцияларини қуришга қўйилган тақиқни бекор қилишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда мамлакат ҳукуматининг баёнотида сўз боради.

Швейцария Федерал кенгаши жамоатчилик томонидан илгари сурилган «Электр энергияси барча учун ва ҳар доим» ташаббусини беэътибор қолдирмади. Унда «иқлим учун хавфсиз электр энергиянинг» ҳар қандай турини ишлаб чиқаришга рухсат берилишини конституцияга белгилаб қўйиш таклиф этилган.

Ҳукумат аввалига Швейцария конституцияси «кенг диверсификация қилинган энергия таъминотини» кўзда тутмаслигини билдириб, ташаббусни рад этган. Шу билан бирга, расмийлар «узоқ муддатли энергия таъминоти хавфсизлигини таъминлаш учун» ўз таклифини ишлаб чиққан. Унинг доирасида янги АЭСларни қуришга ҳам рухсат берилади.

«Янги атом электр станцияларини қуриш борасидаги тақиқ технологик очиқлик мақсадларига мувофиқ эмас, шунингдек, амалда фойдаланилаётган станцияларнинг ишдан чиқиш хавфи мавжуд», — дейилади Швейцария ҳукумати баёнотида.

Ҳукумат ўз таклифларини 2024 йил охирига қадар тайёрлайди, 2025 йил март ойида эса маслаҳатлашувлар бўлиб ўтади ва шундан кейин парламент жамоатчилик ташаббусини ҳам, унга қарши илгари сурилаётган таклифларни ҳам кўриб чиқади.

Швейцариянинг ядровий энергетикадан воз кечиш борасидаги қарори 2017 йилда ўтказилган референдум орқали қўллаб-қувватланган. Ўшанда ҳукуматнинг қуёш, шамол ва гидроэнергетикани ривожлантиришга субсидиялар ажратиш борасида режалари ҳам бор эди.

2019 йилда Швейцария атом энергиясидан воз кечиш жараёнида 47 йил давомида фойдаланиб келинган Мюлеберг АЭС фаолиятини тўхтатган эди. Мамлакатда ҳозирда тўртта АЭС ишлаб турибди — Швейцариядаги жами генерациянинг учдан бир қисми улар ҳисобига тўғри келади.

Россия томонидан Украинага қарши бошланган кенг кўламли урушдан кейин мамлакатда энергия ресурслари нархи ошиб кетди ва АЭСларни қайтариш масаласи кун тартибига қайтди. Швейцария ёзда гидроэнергетикага умид қилганди, аммо йилнинг бошқа фаслларида электр энергияни бошқа давлатлардан, аввало Франциядан импорт қилишга мажбур бўлмоқда.

Мавзуга оид