Ўзбекистон | 22:33 / 28.09.2018
18383
3 дақиқада ўқилади

Душанбедаги МДҲ саммитида президентлар нималарга келишиб олишди

Бугун 28 сентябрь куни Тожикистон ҳукумати қароргоҳида МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Президентлар дастлаб тор доирада, сўнгра делегациялар иштирокида музокаралар ўтказишди. 

МДҲ саммитида Россия, Беларусь, Қозоғистон, Озарбайжон, Молдова, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон президентлари, Арманистон бош вазири ҳамда Туркманистон бош вазири ўринбосари иштирок этди.

МДҲ давлатлари раҳбарлари тор доирадаги музокараларда Ҳамдўстликнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашдилар. Улар жорий йилда МДҲда самарали раислиги учун Тожикистонга миннатдорлик билдиришди ва 2019 йилда раислик қиладиган Туркманистонга муваффақиятлар тилашди, дейилади МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

МДҲ давлат раҳбарларининг кенгайтирилган йиғилишида сиёсий ҳамкорлик, гуманитар, хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришни мувофиқлаштирадиган ҳужжатлар ҳамда МДҲ фаолиятини ҳуқуқий ва ташкилий-кадрлар жиҳатидан такомиллаштиришга қаратилган қатор лойиҳаларни кўриб чиқди. 

1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги муносабати билан давлат раҳбарлари томонидан баёнот имзоланди. 

Йиғилишда Россия томонидан таклиф этилган МДҲ давлатларининг уруш фахрийларини тақдирлаш учун “1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги” ягона юбилей медалини таъсис этиш ва тайёрлаш ҳақидаги таклифига розилик берилди. 

Шунингдек, хавфсизликни таъминлаш ҳамда янги таҳдид ва чақириқларга қарши кураш соҳасида қатор ҳужжатлар маъқулланди. Улар орасида энг муҳими жиноятчиликка қарши кураш бўйича 2019-2023 йилларга мўлжалланган давлатлараро дастур бўлиб, у трансчегаравий жиноятчиликнинг барча шаклларига қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Дастурда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари ноқонуний айланишига, одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Бу соҳадаги яна бир муҳим ҳужжат МДҲ мамлакатларининг ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимдир.

Йиғилишда Қирғизистон ташаббуси билан Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ва Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги ҳақидаги баёнотлар имзоланди. 

Россия томони космик кенгликни тинч мақсадларда ўрганиш ва ундан фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги конвенция лойиҳасини таклиф қилди ва у МДҲ раҳбарлари томонидан маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев саммит якунланганидан сўнг бугун Тошкентга қайтиб келди. 

Мавзуга оид