19:10 / 01.10.2018
97663

Наманганлик депутат пора билан қўлга тушди. У бунгача фейсбукда коррупцияга қарши постлар ёзиб келган

Фуқаро И.М. 2018 йил 20 сентябрь Наманган вилоят тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, у муқаддам Поп туманида мактаб директори лавозимида ишлаганлиги, ЖИБ Поп тумани судининг 14.10.2017 йилдаги ҳукми билан судланиб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлигини, суд ҳукмидан норози бўлиб, 03.09.2018 йилда Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати Олимжон Тўхтаназаровга мурожаат қилганида, у давлат органларидаги юқори мансабдор шахсларга пора бериш орқали суд ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқартириб беришини ҳамда мактаб директори лавозимига ишга тиклаб беришини айтиб, эвазига 500 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилаётганлигини, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ариза юзасидан вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда 22.09.2018 йил соат 15:00ларда О.Тўхтаназаров Чуст шаҳри марказида аризачи М.И.дан 500 АҚШ долларини олган вақтда, ашёвий далил билан қўлга олинган.  

Олимжон Тўхтаназаров
Фото: Ижтимоий тармоқ

Мазкур ҳолат юзасидан 22.09.2018 йилда О.Тўхтаназаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «в» банди, 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, шу куни вилоят халқ депутатлари Кенгаши розилиги олинган ҳолда О.Тўхтаназаров ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланди.

О.Тўхтаназаров Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси, Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати, ЎзМТРК таркибидаги каналлардан бирида режиссёр бўлиб ишлаган.

Ушбу депутат ижтимоий тармоқлардаги фаол бўлиб, жамият ҳаётидаги муаммолар бўйича, хусусан, коррупция масаласида ўзининг фикрларини билдириб келарди.

У Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга «Нобель» мукофоти берилишини сўраганидан кейин ижтимоий тармоқда машҳур бўлиб кетганди.

Top