Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Энг катта келиб айтиб кетди...”: Фарғонада тадбиркорларнинг дўкони тушунтиришларсиз бузиб ташланди
KUN.UZ таҳририятига ўз ҳуқуқлари бузилган ва бунинг оқибатида тушунарсиз, мавҳум вазиятга тушиб қолган бир гуруҳ тадбиркорлар номидан мурожаат келиб тушди. Ижодий гуруҳимиз билан мазкур масалага атрофлича ва холис ёндошиш мақсадида Фарғона шаҳрига йўл олдик.

“Зиёли, теран фикрловчи, ўз келажагига бефарқ бўлмаган инсон яқин бир йиллик, беш йиллик ва узоқ муддатли режаларга эга бўлади. Бироқ ҳозир бу ерда ҳеч ким эртага нима бўлишини билмайди. Бугун тадбиркорлик учун режаларинг билан иш бошлайсан, ҳоким қарор билан шароит қилиб беради. Бошида ишлар ўз жойида кетаётгандек бўлади, гўё. Тадбиркорликни йўлга қўйиш арафасида сизга “тегишли ташкилот”дан “одам” келади ва қисқа фурсатда жонингизни жабборга бериб қилган иморатингиз-у йўлга қўйган тадбиркорлигингизни бузиш бошланади. Шу сабабли бу ердаги одамларнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлиб, иштиёқлари ҳам сўниб бўлди”, дейди исмини сир сақланишини қаттиқ туриб талаб қилган суҳбатдошимиз.
Гап шундаки, Фарғона шаҳри, Бозор йўли ва К. Додҳох кўчалари кесишмасидаги бўш ер майдонида Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарорига асосан олдинги бузилган савдо дўконлари бузилиши сабабли уларнинг ўрнига ер ажратиб берилган. 2016 йил октябрь ойида чиқарилган ҳоким қарорлари бунинг айни исботи.

Тадбиркорлар давлат амалдорларига ишониб қурилишни бошлашган, бироқ ушбу сентябрь ойининг 22-23 кунлари кутилмаган ва совуқ хабар етиб келди. Бу дўконлар бузилмоқда экан. Ҳамма ҳайрон, ҳаммани ақли шошган, бироқ ҳеч ким оғиз жуфтлашга журъати етмайди.
KUN.UZ сайтига ушбу ҳолатдан азият чекаётган тадбиркорлар мурожаат қилишган. Ҳолатни ўрганиш давомида барча жабр кўрган тадбиркорлар билан учрашдик. Улар ҳатто суҳбатлашаётганимизни суратга олишимизга ҳам рўйхушлик беришмади. Сабаби аниқ. Қўрқув. “Агар биз эътироз билан чиққанимизни вилоят ҳокими ва бошқа ҳокимлар билиб қолса, бошқа ишларимиздан ҳам айблар топиб, уларга ҳужум бошланишини таъкидлашди”.

Жойни бориб кўздан кечирганимизда дўконлар деярли бузиб ташланган эди. Ўрнига тупроқ ҳам тўкиш бошланган. Шу жойда тадбиркорлар томонидан янги қурилаётган дўконларга тайинланган қоровул билан суҳбатлашганимизда қуйидагиларни сўзлаб берди. “Кечга яқин 1-2 та мансабдор шахс келиб қурилиш жойларини бузишни айтишди. Менга шу жой ишониб топширилганлиги сабабли дарров бориб ишчилар билан тортишиб кетдим. Кейин секин шивирлаб айтиб қолишди: Анави инсонни танияпсизми? Вилоят ҳокими бўлади дейишди” дейди қоровул ака.

Шундан сўнг, ҳолатга аниқлик киритиш ва холислик тамойилига таяниб изоҳ сўраш мақсадида Фарғона шаҳар ҳокимиятига бордик. Бу ерда қурилиш масалалари бўйича масъул шахс Дилшод Омонов эканлигини айтишди. Бу инсонни оз эмас, кўп эмас уч соат кутдик. Бош вазир селектор ўтказади унгача келади, дейишди. Бироқ бу инсондан дарак бўлмади.
Жабрдийда тадбиркорлар бу иш бўйича прокуратурага мурожаат қилишган. Бундан ташқари, етказилган зарарни қоплаш бўйича фуқаролик судига ҳам ариза беришган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари мазкур муаммога ечим топишда қонуний ҳамда виждонан ёндашишади, деб умид қиламиз. KUN.UZ таҳририяти воқеалар ривожини кузатишда давом этади ва бу масалага яна қайтади.
Баҳодир Аҳмедов
KUN.UZ мухбири
Мавзуга оид
08:24 / 04.06.2026
Фарғонада мембранали сув ҳавзасида бир киши чўкиб кетди
16:15 / 23.05.2026
“Мақсад сари” шина тортган бола: унинг отасига чора кўрилиши мумкин
08:24 / 20.05.2026
Фарғона ва Наманганда йирик миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинди
11:41 / 19.05.2026