Дам олиш кунларида Англия премьер-лигасида навбатдаги тур баҳслари давом этди. Бу турда чемпионат пешқадами «Ливерпуль» «Челси» майдонида дуранг ўйнади ва мавсумда илк бор очко йўқотишдан кейин биринчи ўриндан тушиб кетди. Биринчи ўринга кетма-кет тўртинчи ўйинда ғалаба қозонган «Манчестер Сити» («Ҳаддерсфилд» сафарда 2:0 ҳисобида мағлуб этилди) чиқиб олди. Кетма-кет бешинчи ўйинда ғалабага эришган «Арсенал» эса ҳозирча бешинчи ўринда. Жамоа мавсумни қаторасига 2 учрашувда мағлубият билан («Манчестер Сити» ва «Ливерпуль»га қарши ўйинлар) бошлагани туфайли ҳамон кучли тўртликдан ташқарида қолмоқда.

«Манчестер Юнайтед»да инқироз

Вест Ҳэм – Манчестер Юнайтед 3:1 (2:0, 1:1)
Голлар: 1:0 – 5 Фелипе Андерсон, 2:0 – 43, автогол Линделеф, 2:1 – 71 Рэшфорд, 3:1 – 74 Арнаутович.
Вест Ҳэм – Фабианьски, Сабалета, Бальбуэна, Диоп, Масуаку, Райс, Ярмоленко (Снодграсс, 72), Нобл, Обианг, Фелипе Андерсон (Диангана, 90), Арнаутович (Антонио, 83).
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Янг, Смоллинг, Линделеф (Рэшфорд, 57), Шоу, Мактомини, Матич, Феллайни, Погба (Фред, 70), Лукаку, Марсиял (Мата, 71).
Огоҳлантириш: Янг (78).
Ўтган турда «болғачилар» «Челси»нинг ғалабали сериясига якун ясашганди. Бу турда эса Жозе Моуриньони истеъфога яқинлаштиришди. «Қизил иблислар» бошдан оёқ муаммолар гирдобида қолишган. Бир йил муқаддам, АПЛ стартидаги 7 турдан кейин «МЮ» дарвозабони Дэвид де Хеа 6 ўйинда гол ўтказмай, «қуруқ серия» қайд этганди. Ҳозир эса стартдаги 6 ўйинда майдонни гол ўтказмасдан тарк этмади. Фелипе Андерсон Англиядаги илк голини чиройли тарзда урди.

«МЮ» футболчилари ўтказилган голдан кейин кўплаб ҳужумлар уюштиришди ва кўплаб вазиятларни йўққа чиқаришди. «Вест Ҳэм» эса ўз имкониятларига эҳтиёткорлик билан ёндашди ва Ярмоленко рақибни хато қилишга мажбурлаб, жамоаси устунлигини оширди.