АПЛ доирасида «Челси»га қарши муҳим ўйини олдида турган «Арсенал» бунгача кетма-кет икки учрашувда гол уролмай мағлубиятга учради. Жамоанинг АПЛ чемпионлиги йўлидаги вазифаси кун сайин қийинлашиб боряпти. Кетма-кет учта беллашувда ғалаба қозона олмаган Артета шогирдлари пешқадам «Ливерпул»дан 10 очкога (захирада бир ўйин бор ҳолатида) ортда бормоқда. Чоршанба оқшомида «Жузеппе Меацца»да ютқазиб қўйган «тўпчилар»нинг Европадаги мағлубиятсиз серияси ҳам барҳам топди.
Хўш, жамоада нима нотўғри кетяпти?

Шунчаки омадсизликми?
Артета ўз жамоасининг Миландаги мағлубиятини икки бор пеналти масаласида чиқарилган хато қарор билан изоҳлади ва бу фикрда бироз жон бор. Микел Меринонинг қўлига тўп теккан вазиятда испаниялик яримҳимоячининг ўша йўналишдан қўлини тортиб қолиш имконияти нолга тенг эди ва агар бу вазият АПЛда содир бўлганда, катта эҳтимол билан 11 метрлик зарба белгиланмасди.
Ундан олдинроқ худди шу Меринонинг ўзи яна бош қаҳрамон ролида, аниқроғи, жабрдийда образида намоён бўлганди. Габриэл Мартинелли томонидан қанотдан узатилган интилган футболчига тўпга чиқишда тоза ўйнай олмаган Ян Зоммер мушт туширди, бироқ VAR ушбу вазиятга эътибор қаратмади.
Бу мавзу ҳақида учрашувдан кейинги матбуот анжуманида гапирар экан, Артета қуйидаги фикрларни билдирди: «Бизга мавсум аввалида бундай вазиятларда пеналти берилмаслиги айтилганди. Бу аниқ. Бугун эса вазият бошқача бўлди. Хўп, майли. Улар пеналти беришга қарор қилишди. Бироқ агар бу пеналти бўлса, Меринонинг бошига мушт тушган вазият 1000 фоизли пеналти бўлиши керак. Мана шу вазиятлар фарқни белгилаб берди ва уларни қабул қилиш жуда оғир».
«Интер»дан учралган мағлубият «Арсенал»нинг мавсум аввалидан бери йўлиққан муваффақиятсизликларининг навбатдаги, ҳозирча охиргиси, холос. Деклан Райснинг «Брайтон»га, Леандро Троссарнинг эса «Сити»га қарши беллашувда вақтни чўзиш важи билан майдондан четлатилиши, Вилям Салибанинг «Борнмут»даги четлатилиши, «Ливерпул»га қарши беллашувда бекор қилинган гол… «Тўпчилар»нинг шикоят қилишига етарлича асос вазифасини ўтовчи вазиятларнинг бир қанчаси содир бўлишга улгурган. Юқорида саналган қарорларнинг барчаси талқинни талаб этувчи ҳолатлар эди ва уларнинг барчасида «Арсенал»нинг зарарига қарор чиқарилган. Демак, Микел Артета муваффақиятсиз серияда омадсизликни рўкач қилишга ҳақли.
Жароҳатлар баҳона бўла оладими?


















