Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини яхшилашга қаратилган туб ўзгаришлар амалга ошириляпти. Республиканинг турли ҳудудларида эркин иқтисодий зоналар, технопарклар, кластерлар ташкил этиляпти. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Хавфсиз шаҳар” каби стратегик дастурлар асосида шаҳару қишлоқларда улкан бунёдкорликлар қилинмоқдаки, уларнинг қиёфаси мутлақо янгиланмоқда. Шунга яраша туризм ҳам тараққий топмоқда. Ўз навбатида, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш масаласига ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ эътибор қаратилаётир.
Жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида кузатилаётган бу каби шиддатли ривожланиш суръатлари, энг аввало, электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ҳам ўсишига олиб келмоқда.
Масалан, 2000 йилда бир нафар маиший фойдаланувчи бир ойда 114 кВт/соат электр энергияси ишлатган бўлса, 2018 йилга келиб бу кўрсаткич 57 фоиз кўпайиб, 200 кВт/соатга етди. Айни чоғда жорий йилда республика бўйича электр энергиясидан умумфойдаланишда аҳоли улуши 26,5 фоизга етди. Ваҳолонки, 1990 йилда бу миқдор 13,9 фоиз эди. Ўртадаги фарқларга эътибор бераяпсизми!?
Боз устига, прогнозларга кўра, 2020 йилга келиб мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талаб 2018 йилга қараганда 1,7 фоиз, жумладан, аҳоли эҳтиёжи 1,5 баробар ўсади.
Хўш, электр қувватига нисбатан ошиб бораётган эҳтиёжни тўлақонли қондириш, саноат фойдаланувчилари учун электр етказиб беришни сифатли таъминлаш, режадан ташқари ўчиришлар (қурилмаларнинг фавқулодда ишдан чиқиб қолиш ҳолатлари)нинг олдини олиш учун нималар қилинмоқда ёки қилинади? Мазкур ўта долзарб масала ечимига масъул “Ўзбекэнерго” АЖдан маълум қилинишича, бу борада ҳозирда барча чора-тадбирлар кўрилмоқда ва улар истиқболда ҳам давом эттирилади.
Ушбу масалага нима учун комплекс ёндашиш зарурати туғилди? Тўғрисини айтиш керак, бундай зарурат вужудга келганига анча вақт бўлди. Нега?
Келинг, мавзуга рақамлар ва фактлар, оғриқли манзаралар орқали чуқурроқ кириб борамиз. Республикамиздаги электр энергиясининг 90 фоизи иссиқлик электростанцияларида (ТЭС) ишлаб чиқарилади. Бироқ амалдаги ТЭСларнинг асосий қисми, яъни 84 фоизи бундан 50 йил олдин (!) фойдаланишга топширилган. Алмисоқдан қолган бундай қурилмалар, табиийки, замон талабларига мутлақо жавоб бермайди. Боиси уларнинг ниҳоятда эскириб кетгани электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини камайтириб юбориб, тақчилликни келтириб чиқармоқда, қолаверса, фойдаланилаётган ёқилғининг катта миқдорда сарфланишига сабаб бўлаётир. Оқибатда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси таннархи ҳам ошиб кетаяпти. Булардан оддий истеъмолчининг деярли хабари йўқ. Улар учун уйда чироқ ёниб туриши муҳим, у қандай яратилаётгани, нима ҳисобига етказиб берилаётгани эса кўпчиликни қизиқтирмайди ҳам. Лекин солиқ тўловчи юқоридаги ва қуйидаги маълумотларни ўқиб, ўзи учун оқилона хулоса чиқариб олса, фойдадан холи бўлмайди.














