Жаҳон | 00:36 / 19.10.2024
10259
2 дақиқада ўқилади

Куба электр энергиясидан буткул узилиб қолди

Кубада 10 миллионга яқин аҳоли электр энергиясисиз қолди, мамлакатда 20 октябрга қадар барча таълим муассасалари ёпилди.

Фото: Getty Images

Куба 18 октябр куни электр энергиясидан буткул узилиб қолди, деб хабар беради Diario de Cuba газетаси.

Қайд этилишича, Куба энергия таъминотидаги асосий элементлардан бири ҳисобланган Матансасдаги Antonio Guiteras электростанцияси ишдан чиққан. Мамлакат Энергетика ва тоғ саноатли вазирлигига кўра, станция маҳаллий вақт билан соат 11:00 да ўчиб қолган. Энергетиклар электр таъминотини қайта тиклаш устида иш олиб бормоқда.

Куба президенти Мигел Диас-Канел «мамлакат раҳбарияти миллат учун энергетика соҳасида фавқулодда вазият бўлган ушбу муаммони ҳал этишга бор эътиборини қаратганини» маълум қилди.

Reutersʼнинг ёзишича (https://www.reuters.com/world/americas/cuba-implements-emergency-measures-millions-go-without-electricity-2024-10-18/), Кубада 10 миллионга яқин аҳоли электр энергиясисиз қолган. Мамлакатда 20 октябрга қадар барча таълим муассасалари ёпилган. Шунингдек, кўнгилочар ва маданий тадбирларни ўтказиш тақиқланган, тунги клублар ёпилган. 

Электр энергиясининг ўчиши мамлакатдаги энергетика инқирозини кучайтирган — охирги икки ҳафта Кубада электр энергияси кунига бир неча соатдан ўчирилаётган эди. 11 октябрда электр энергияси таъминоти 24 соатга тўхтатилган.

Электр энергиясининг бутунлай ўчиши мамлакат бош вазири Мануэл Марреро энергетика соҳасидаги вазият яхшиланаётганини эълон қилганидан бир неча соат ўтиб юз берган.

Мавзуга оид