Ўзбекистон | 20:49 / 02.10.2018
7124
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги баланд қаватли биноларда ёнғинларни мониторинг қилиш учун кузатув камералари ўрнатилди

Тошкент шаҳрининг 12та баланд қаватли биноларида содир бўлган ёнғинларни тезликда ва телефон қўнғироғи бўлишидан аввал аниқлаш мақсадида 14та юқори сезгирликдаги камералар ўрнатилди.

«Тошкент шаҳридаги 12та баланд қаватли биноларга ва телеминорага юқори сезгирликдаги, 360 даражадаги кўриш бурчагига ҳамда уларни диспетчер иш жойидан бошқариш имкониятига эга 14та IP камера ўрнатилди. Ушбу камералар реал вақтда содир бўлган ёнғинларни аниқлаш ва кузатиш имконини беради. Қисқа вақт ичида улар оловнинг дастлабки босқичида 20дан ортиқ ёнғинни «101» рақамига қўнғироқлардан олдин аниқлашга ёрдам берганини таъкидлаш жоиз. Шунингдек, бундай камералар Тошкент, Самарқанд ва Наманган вилоятларида пилот режимда ўрнатилди», дейилади Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа маркази бошлиғи Улуғбек Қосимович Жўрабоевнинг маълум қилишича, қайд этилган вилоятлардаги ёнғин ўчириш автомобиллари навигаторлар билан жиҳозланган бўлиб, уларнинг ҳаракатини онлайн режимида кузатиш мумкин.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги «Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматида Ёнғин ўчириш куч ва воситаларини бошқариш ва мувофиқлаштириш марказлари, Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа марказлари ташкил этилди.

Бугунги кунда Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси Куч ва воситаларни бошқариш ва мувофиқлаштириш марказида ёнғин ўчириш самарадорлигини, тезкорлигини оширишга қаратилган махсус дастур ишлаб чиқилди. Ушбу тизим дастурий-техник комплексларни, автоматлаштирилган воситаларнинг тезкор мониторингини, куч ва воситаларни бошқаришни ҳамда мавжуд ва истиқболли автоматлаштирилган тизимларни ўз ичига олади», дейилган хабарда.

Айни вақтда ушбу дастурни Самарқанд, Наманган ва Тошкент вилоятлари ИИБлари Куч ва воситаларни бошқариш ва мувофиқлаштириш марказларига татбиқ қилиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид