20:13 / 03.10.2018
29863

АҚШнинг энг бой одамлари рейтингида 24 йил ичида илк бор етакчи ўзгарди

Жефф Безос

Forbes журнали чоп этадиган, АҚШнинг энг бой одамлари рейтингида 24 йил ичида илк бор етакчи ўзгарди. Эндиликда рейтингнинг биринчи поғонасини Amazon асосчиси Жефф Безос эгаллайди. 

Бунгача 1994 йилдан бери рейтингнинг энг юқори поғонасини Microsoft асосчиси Билл Гейтс эгаллаб келган. Безоснинг ҳозирги бойлиги 160 млрд долларга (2017 йилга нисбатан 78,5 млрд доллар кўпроқ), Гейтсники 97 млрд долларга баҳоланмоқда.   

Рейтингнинг 3-поғонасини миллиардер Уоррен Баффет эгалламоқда.

Безос март ойида ҳам дунёнинг энг бадавлат одамлари рейтингининг биринчи поғонасига кўтарилиб олганди. Ўшанда унинг бойлиги 112 млрд долларга баҳоланган.

Билл Гейтс ва Уоррен Баффет

АҚШнинг энг бадавлат 10 одамининг умумий бойлиги 730 млрд долларни ташкил қилмоқда ва 2017 йилдагига нисбатан 20 фоизга ошган. Бойлиги энг кўп миқдорга ошган миллиардер Twitter бош директори Жек Дорси бўлган: унинг бойлиги йиллик ифодада 186 фоизга ошиб, 6,3 млрд долларни ташкил қилган. 

Рейтингнинг “омадсизи” эса Жорж Сорос бўлди: унинг капитали деярли 3 мартага – 2017 йилдаги 23 млрд доллардан 8,3 млрд долларгача камайган. Бунга миллиардернинг “Очиқ жамият” хайрия жамғармаларига 18 млрд доллар ўтказгани сабаб бўлган. Журналнинг таъкидлашича, хайрияга тикиладиган маблағлар миллиардерлар бойлигини ҳисоблашда эътиборга олинмайди.  

Top