Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эпштейн файлларида тилга олинган 300 нафар сиёсатчи ва машҳурлар исми ошкор қилинди
Улар орасида президент Доналд Трамп, собиқ президент Барак Обама ва унинг рафиқаси Мишел Обама, Microsoft асосчиси Билл Гейтс, актёр Роберт Де Ниро, собиқ президент Билл Клинтон ва унинг рафиқаси Ҳиллари Клинтон бор. Таъкидланишича, ушбу шахслар исми-шарифининг файлларда тилга олиниши ҳеч қандай ноқонуний ҳаракатларни ёки ҳатто Эпштейн билан бевосита алоқани назарда тутмайди.
Фото: AP
АҚШ бош прокурори Пэм Бонди молиячи Жеффри Эпштейн иши билан боғлиқ ҳужжуатларда тилга олинган 300 нафар сиёсатчи ва таниқли арбоблар рўйхатини эълон қилди, деб хабар берди The New York Post.
300 киши орасида президент Доналд Трамп, собиқ президент Барак Обама ва унинг рафиқаси Мишел Обама, Microsoft асосчиси Билл Гейтс, актёр Билл Косби, актёр Роберт Де Ниро, собиқ президент Билл Клинтон ва унинг рафиқаси Ҳиллари Клинтон бор.
Шунингдек, ҳужжатларда Британия шаҳзодаси Гарри, режиссёр Вуди Аллен, собиқ вице-президент Камала Ҳаррис, Meta асосчиси Марк Цукерберг, хонанда Брюс Спрингстин, тадбиркор Илон Маск, Рим папаси Иоанн Павел II, сиёсатчи Нэнси Пелоси, Вакиллар палатасидаги озчилик етакчиси Ҳаким Жеффрис, ашулачи Боно, хонанда Бейонсе ва бошқалар бор.
Ушбу шахслар исми-шарифининг файлларда тилга олиниши ҳеч қандай ноқонуний ҳаракатларни ёки ҳатто Эпштейн билан бевосита алоқани назарда тутмайди, деб тушунтирди нашр.
Уларнинг баъзилари Эпштейн ёки унинг шериги Гислейн Максвелл билан электрон почта орқали кенг кўламли ёзишмаларга эга бўлган, бошқалари эса «ҳужжатнинг Эпштейн ва Максвелл ишига алоқаси йўқ қисмида» тилга олинган.
АҚШ Адлия вазирлиги 19 декабргача Эпштейн файлларининг шаффофлиги тўғрисидаги қонунга мувофиқ, марҳум таниқли жинсий жиноятчи Жеффри Эпштейн билан боғлиқ барча материалларни эълон қилиши керак эди.
Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, юзлаб ҳуқуқшунослардан иборат жамоа 6 миллион саҳифага яқин ҳужжатларни ўрганиб чиққан ва ўта қисқа муддатдан бир неча ҳафта ўтгач, 3,5 миллион саҳифадан ортиқ материалларни эълон қилган.