Жаҳон | 00:33 / 03.10.2018
5281
2 дақиқада ўқилади

Audi’нинг ҳибсга олинган бош директори лавозимидан бўшатилди

Фото: Audi

Volkswagen концерни кузатув кенгаши бир неча ой олдин “дизел можароси” деб номланган фирибгарлик билан боғлиқ ҳолда ҳибсга олинган, Audi бош директори Руперт Штадлернинг ишдан бўшатилишини эълон қилди. Аввалроқ у ишдан четлатилганди. 

Штадлер, шунингдек, Volkswagen бошқарув аъзоси ва Audi бошқарув раиси лавозимларини ҳам тарк этади. У компаниядан “судгача ҳибсга олингани сабабли ўз мажбуриятларини бажара олмаслиги” сабабли кетмоқда.

Аввалроқ Automotive News нашри Volkswagen Штадлерга шартноманинг муддатдан аввал бекор қилиниши учун товон пули тўламоқчилигини маълум қилган. Volkswagen’нинг фикрича, Audi маркасининг гумонланувчи номи билан боғланиши бренд имижига зарар етказади.

Штадлер июнда полиция томонидан ушланиб, тергов изоляторига жойлаштирилган. Мюнхен прокуратураси унга қарши фирибгарлик гумони билан иш қўзғатган ва унинг квартирасида тинтувлар ўтказган. Штадлер Audi’да 1990 йилддан бошлаб ишлаб келган. 2003 йилда компания бошқарув кенгаши аъзоси, 2007 йил 1 январдан эса компания бошқарув раиси бўлган.

Мавзуга оид