Ўзбекистон | 09:18 / 03.10.2018
12944
3 дақиқада ўқилади

Йован Йекич Жамшид Хўжаевнинг маслаҳатчиси лавозимига тайинланди

Ташқи савдо вазирлиги ва АҚШнинг Халқаро ривожланиш бўйича агентлиги (USAID) ўртасида 2018 йил 16 май куни Вашингтон шаҳрида имзоланган Ўзаро англашув меморандум ижроси доирасида халқаро савдо ҳуқуқи соҳасидаги эксперт Йован Йекич Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазирининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

«Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши экспорт географиясини янада кенгайтиришга, хорижий давлатларга маҳсулот ва хизматлар етказиш ҳажмини кўпайтиришга имконият яратади. Маълумки, ЖСТга аъзо бўлиш жараёни мураккаб ва узоқ муддатли жараёндир, ва шу ўринда халқаро эксперт ташкилотдаги иштирокдан энг катта афзалликларни қўлга киритиш мақсадида ҳар томонлама мувозанатли музокара ўтказиш жараёнида бизга кўмаклашади», – деб таъкидлади ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев.

Фото: Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Йован Йекич  халқаро тижорий ҳуқуқ, интеллектуал мулк ҳимояси, божхона қоида ва тартиботлари, савдо сиёсатини ҳуқуқий тартибга солиш, савдо ва инвестицион сиёсат соҳаларида 35 йилдан ортиқ тажрибага эга. 2001-2017 йилларда Озарбайжон, Тожикистон ҳамда Сербия ва Черногория ҳукуматларига ЖСТга аъзо бўлиш масалалари бўйича консултатив кўмак берган. Эксперт Женевадаги ЖСТ Котибияти вакиллари ва ташкилотнинг бошқа аъзолари музокара гуруҳлари билан конструктив ва функционал алоқага эга.

Фото: Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Йован Йекичнинг фаолиятидаги асосий йўналишлар қуйидагилар ҳисобланади:

- ЖСТ котибиятига тақдим этиш мақсадида республиканинг ташқи савдо тартибини таърифловчи асосий ҳужжат (Меморандум)ни тайёрлашда амалий кўмаклашиш;
- ЖСТ битимлари қоидаларига мувофиқ республиканинг миллий қонунчилигига ўзгартириш киритиш бўйича таклифларни тайёрлаш;
- халқаро экспертнинг яқинда ЖСТга қўшилган бошқа мамлакатларидаги тажрибаси асосида республиканинг халқаро конвенциялар ва шартномаларга қўшилиш бўйича таклифларни тайёрлаш;
- Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида музокаралар ўтказиш бўйича таклифларни тайёрлаш, хусусан, учрашувлар ва музокаралар ўтказиш масалалари бўйича музокара гуруҳи аъзолари билан давра суҳбатлари ва мавзуга оид учрашувларни ўтказиш
- ЖСТга аъзо бўлиш бўйича савдо музокараларини ўтказиш масаласида тактикалар ва стратегиялар мавзуларида семинарлар ва давра суҳбатларини ўтказиш.

Мавзуга оид