Жаҳон | 22:57 / 11.10.2018
17020
2 дақиқада ўқилади

Африканинг энг ёш миллиардери ўғирлаб кетилди

Фото: mohammeddewji.com

Танзанияда номаълум кишилар 43 ёшли сиёсатчи ва биснесмен, Африканинг энг ёш миллиардери деб эътироф этилувчи Муҳаммад Дюжини ўғирлаб кетишди. Бу ҳақда мамлакатнинг энг йирик шаҳри Дар-ас-Салом полицияси маълум қилган.  

Таъкидланишича, Дюжига 11 октябрда эрталаб  Oyster Bay туманидаги Colosseym фитнес-клубига машғулотга келаётганда ҳужум қилишган. Шуниси маълумки, жиноятчилар эртароқ келиб, миллиардерни кутиб ўтиришган.

Гувоҳларнинг айтишича, икки нафар оқ танли эркак Дюжини Toyota Surf маркасидаги йўлтанламасга тиқиб, номаълум йўналишда олиб кетган. Босқинчилар гувоҳларни чўчитиш учун ҳавога ўқ узишган.

Маълум қилинишича, шу сабабли маҳаллий полиция барча аэропортлар ва шаҳардан чиқиш жойларини тўсиб қўйган. Миллиардерни ўғирлаш гумони билан 3 киши ҳибсга олинган, уларни жиноятни содир этишга ундаган сабаб номаълум бўлиб қолган. 

Дюжи Танзаниянинг тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати корхоналарини бирлаштирувчи METL компаниясига эгалик қилади. 

Forbes журнали 2018 йил февраль ҳолатига кўра, бизнесменнинг бойлигини 1,5 млрд долларга баҳолаган. У Африканинг энг бадавлат одамлари рўйхатида 17-ўринни эгаллайди ва “қора” қитъадаги энг ёш миллиардер ҳисобланади.

Мавзуга оид