Спорт | 23:35 / 11.10.2018
11659
2 дақиқада ўқилади

Кокорин ва Мамаев 2 ойга ҳибсга олинди

Москва шаҳрининг Тверской суди «Зенит» ҳужумчиси Александр Кокорин ва унинг укаси Кириллни, шунингдек, «Краснодар» яримҳимоячиси Павел Мамаевни 8 декабрга қадар ҳибсда қолдирди.

Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни ака-ука Кокоринлар ва Мамаев Москвадаги қаҳвахоналардан бирида Минпромторг мулозими Денис Пак ва «НАМИ» ташкилоти раҳбари Сергей Гайсинни дўппослашган эди. Бу можародан бироз олдин эса «Первий канал» бошловчиси Ольга Ушакованинг ҳайдовчисига ҳужум қилишган. Жабрланганлар турли тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Бу иш юзасидан Москва полицияси 213-модда (Безорилик) бўйича жиноят иши очди ва иштирокчиларни ҳибсга олди. Айбдорларга 7 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солмоқда.

Бу иш юзасидан ўтказилган дастлабки маҳкамада Александр Кокорин қарамоғида кичкина ўғли борлиги учун, суддан ўзини озодликда қолдиришини сўради. Павел Мамаев эса муштлашувда иштирок этмаганини, можарони ака-ука Кокоринлар бошлаганини, барча моддий ва маънавий зарарни қоплашга тайёрлигини айтиб, у ҳам ўзини озодликда қолдиришни сўради.

Аммо, прокурор ҳар иккаласининг ижтимоий хавфли фуқаро эканини, бундан ташқари, пули ва танишлари орқали гувоҳларга таъсир ўтказиши, терговдан яшириниш эҳтимоли борлигини инобатга олиб, суддан қамоқда қолдиришни сўради. Якунда суд айбловчининг талабини қондирди.

Мавзуга оид