Спорт | 01:16 / 22.01.2020
8128
3 дақиқада ўқилади

Яна Кокорин. «Сочи» уни ижарага олганини эълон қилди, ҳужумчининг ўзи ва Семак бу хабардан ҳайрон

Фото: Чемпионат

«Сочи» клуби ўз расмий сайтида «Зенит» ҳужумчиси Александр Кокоринни мавсум сўнгигача ижарага олганини эълон қилди. Аммо «Зенит» клубининг расмий сайти бу трансферни эълон қилгани йўқ.

Кокориннинг «Сочи»га ўтгани ҳақидаги хабардан бир неча соат ўтиб, Қатарда йиғин ўтказаётган «Зенит» клубининг маҳаллий «Ал-Увайнаҳ» жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида (10:0) Кокорин жамоа сардори сифатида майдонга  тушди ва хет-трикка эришди. Бу Кокориннинг қамоқдан чиққандан сўнг илк ўйини эди. Баҳсдан сўнг петербургликлар бош мураббийи Сергей Семак ушбу вазиятга тўхталиб, футболчининг жамоага керак эканлигини айтди. 

Фото: Зенит

«Албатта, Кокоринга бу хабарни эшитиш ёқимсиз бўлди. У бугунги янгиликлардан хафа. Сашанинг майдонга тушиши бизнинг унга бўлган ишончимиздир. У – бизга керак бўлган футболчи, буни у ҳар бир машғулотда, ҳатто бугунги ўйинда ҳам исботлади. Саша биз билан бирга эканлигидан хурсандмиз ва будан ғурурланамиз. Унинг келажаги «Зенит»да, аммо қарорни мен қабул қилмайман. Вазият қандай ривожланишини билиш қийин. Нима қилиш кераклигини кейинроқ билиб оламиз» , – деб мураббийнинг сўзларини келтиради клуб расмий сайти.

Бундан кўринадики, Кокорин ўзининг ижарага берилганидан ОАВ орқали хабар топган. Мураббий эса ҳужумчини «Сочи»га қўйиб юборишни хоҳламаяпти.

Аввалроқ «Зенит» бош директори Александр Медведев Кокорин ҳеч қаерга кетмаслигини ҳақида айтиб ўтганди.  

Фото: Зенит

Ҳозирча «Зенит» клуби раҳбариятининг ушбу чигал масала бўйича якуний қарори кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Кокорин 2018 йил 8 октябрь куни Москва марказида 2та муштлашувда иштирок этгани учун 1 йилу 6 ой қамоқ жазосига маҳкум қилинган, аммо 2019 йил 17 сентябрь куни муддатидан олдин озодликка чиқарилган эди.

Кокорин қамоқдан озод этилгач, «Зенит» у билан мавсум охирига қадар мўлжалланган янги шартнома имзолаганди. Лекин РФИ трансфер ойнаси ёпилгани учун футболчини рўйхатдан ўтказмаган, шунинг учун Кокорин январда рўйхатдан ўтказилиши кутилаётганди.

Мавзуга оид