Истанбулда саудиялик журналистнинг йўқолиши Туркия ва АҚШнинг қироллик билан муносабатларини кескинлаштириб юборди. Америка сенати Ар-Риёд билан ҳарбий ҳамкорликни тўхтатишга чақирмоқда.

Фото: Reuters /Murad Sezer

Ар-Риёдни қуролсизлантириш

АҚШ сенаторлари президент Дональд Трампни саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг йўқолиши бўйича тергов ўтказишга чақиришди.  10 октябрь куни Трампга йўлланган мурожаатни 22 нафар сенатор имзолаган.

Журналистни сўнгги марта 2 октябрда Саудиянинг Туркиядаги консуллиги биносига кириб кетаётганида кўришган. Қошиқчи «халқаро эътироф этилган инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши» қурбонига айланган бўлиши мумкин, дейилади сенаторлар мурожаатида. АҚШда 2012 йилда қабул қилинган инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши бўйича Халқаро Магнитский актига мувофиқ сенат ташқи ишлар қўмитасининг икки нафар аъзосидан мурожаат келганидан сўнг президент 120 кун ичида инсон ҳуқуқлари бузилишига алоқадор мамлакат фуқароларига нисбатан санкциялар жорий этиш ҳақида қарор қабул қилиши даркор.

Сенаторларнинг мурожаати ҳақида журналист йўқолганидан деярли ўн кун ўтиб маълум бўлди. Уларнинг айримлари қироллик билан ҳарбий ҳамкорликни тўхтатишга чақирмоқда. «Токи биз уларни қуроллантириб ва қўллаб-қувватлар эканмиз, саудияликлар оддий фуқаролар ва журналистларни ўлдиришда давом этишади. Президент зудлик билан Саудия Арабистонига қурол сотиш ва ҳарбий ёрдамни тўхтатиши шарт», — деб ёзди 11 октябрь куни республикачи сенатор Рэнд Пол ўзининг Twitter саҳифасида. «Агар бу инсон Саудиянинг Истанбулдаги консуллигида ўлдирилган бўлса, бу халқаро ҳамжамият ўрнатган барча чегаралардан чиқиш дегани», — дея фикр билдирди илгари АҚШнинг Ар-Риёд билан ҳамкорлигини бир неча бор ҳимоя қилган республикачи сенатор Линдси Грэм.

Трамп Ар-Риёд билан муносабатларни узиш ёки чеклаш Америка манфаатлари учун зарарли эканлигини билдирди: «Бу бизга зарар келтиради деб ўйлайман» деди у. Саудия Арабистони билан ҳамкорлик АҚШда иш ўринларини яратади, икки томонлама алоқаларни узиш эса америкаликлар учун «жуда-жуда мураккаб қарор бўлади» деб тушунтирди у. Шу билан бирга Трамп Жамол Қошиқчининг йўқолиши билан боғлиқ вазиятга аниқлик киритишга ваъда берди.

АҚШ ва Саудия Арабистони муносабатлари

Саудия Арабистони АҚШнинг асосий савдо ҳамкорлари орасида 22-ўринда туради. 2017 йилда АҚШнинг Саудия Арабистони билан товар алмашиш ҳажми 45,6 млрд долларни ташкил этди: АҚШдан экспорт— 25,5 млрд, импорт — 20,1 млрд доллар.