Халқаро ноширлар ассоциацияси Ўзбекистонга қизиқиш билдирмоқда
Германия Федератив Республикасининг Франкфурт шаҳрида давом этаётган “Frankfurter Buchmesse” халқаро китоб кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори, делегация раҳбари Лазиз Тангриев Халқаро ноширлар ассоциацияси (IPA) бош котиби Хосе Боргинио билан учрашди.
Халқаро ноширлар ассоциацияси миллий, минтақавий нашриёт уюшмаларининг дунёдаги энг йирик ташкилотидир. Ассоциация 1896 йил Париж шаҳрида ташкил топган. Унинг Бош қароргоҳи Женева шаҳрида жойлашган. Африка, Осиё, Австралия, Европа ва Америка қитъасининг олтмишдан зиёд мамлакатида фаолият юритаётган саксонга яқин ташкилот унинг аьзоси ҳисобланади. Уюшма 5,6 миллиарддан ортиқ харидорни қамраб олган йирик бозорга эга. Ташкилот аъзолари ушбу бозорларда ўзларининг минглаб матбаа маҳсулотларини намойиш этиб боради. Шунингдек, ассоциация саводхонликни кенг тарғиб қилиш, мутолаани рағбатлантириш ҳамда жаҳон ноширларининг ўзаро тажриба алмашиши, савдо-сотиқ қилиши учун қулай шароит яратиш билан ҳам шуғулланиб келади.
- Бугун Ўзбекистонда ноширлик соҳасини ривожлантиришга Президентимиз томонидан жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада ўнлаб фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ассоциацияга аъзолик орқали ўзбек ноширлари миллий адабиётимизни дунёга танитиш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш имконига эга бўлади, - деди Л.Тангриев.
Учрашувда Ўзбекистон ноширларини IPAга аъзо бўлиши билан боғлиқ ишларнинг ҳолати бўйича маълумотлар алмашилди. Ташкилотда юртимиз ноширлари номидан Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси иш олиб бориши маълум қилинди.
Биз юртингизда сўнгги икки йил ичида рўй берган ўзгаришлардан мамнунмиз. Айниқса, сўз ва матбуот эркинлиги, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилаётгани қувонарли. Шу боис биз Ўзбекистонни МДҲ давлатлари орасида биринчилар қаторида ташкилотимизга аъзо бўлишини ижобий баҳоламоқдамиз, - дея таъкидлади Х.Боргинио мулоқот сўнгида.
Мавзуга оид
13:21 / 04.11.2023
Ўзбекистон каратэ ассоциацияси ташкил қилинади
12:02 / 21.10.2023
Каратэ миллий федерацияси негизида Ўзбекистон каратэ ассоциацияси ташкил этилади
07:31 / 12.11.2021
Ўзбекистонда скейт ассоциацияси ташкил этилди
13:23 / 05.12.2020