“Каратэ (WKF) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар 2023–2026 йилларда каратэ (WKF) спорт турини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

  • каратэни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, бу борада ёшларни спорт клублари, спорт мактабларининг секциялари ва тўгаракларига кенг жалб этиш ҳамда шу орқали спортчиларнинг жиноятларни содир этиш ва жиноий гуруҳларга қўшилиб кетишининг олдини олиш;
  • иқтидорли спортчилар, шу жумладан спортчи-аёлларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг барча босқичларини рақамлаштириш орқали ушбу йўналишда спортчилар тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш;
  • мактабгача ёшдаги болаларда каратэнинг “Ката” йўналишига қизиқиш уйғотиш орқали нафас олиш, хотира ва концентрацияни сақлаш, вестибуляр аппаратни чиниқтириш каби соғломлаштириш ишларини олиб бориш, шунингдек, истиқболда мактабгача таълим муассасаларида халқаро ташкилотларнинг техник кўмак лойиҳаларини жалб этиш орқали “kids karate” лойиҳасини ишга тушириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларнинг каратэ билан шуғулланишлари учун ҳудудларда “Каратэ ҳамма учун” дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлган умумий ўрта таълим мактабларида спорт мактаблари ва спорт клубларининг тренерларини жалб этиш орқали каратэ бўйича дарсдан ташқари алоҳида спорт секцияларини ташкил этиш;
  • каратэ бўйича замонавий спорт мажмуаларини барпо этиш, мавжуд моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлаш;
  • ҳудудий терма жамоаларнинг асосий тайёргарлигини олиб боришлари учун уларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги спортнинг яккакураш турларига ихтисослаштирилган спорт мактабларининг иншоотларини асосий база сифатида бириктириш;
  • каратэга ўқитишнинг замонавий методикаларига қаратилган илмий-услубий ва ўқув-адабиётлар билан таъминлаш ҳамда тиббий хизматни ривожлантириш;
  • оммавий ахборот воситаларида соғлом турмуш тарзининг муҳим таркибий қисми ва болаларни баркамол инсон этиб тарбиялашга хизмат қиладиган спорт тури сифатида каратэни тарғиб қилиш.

Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси негизида Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси ташкил этилади.