Жаҳон | 08:50 / 14.10.2018
11296
2 дақиқада ўқилади

Эрон Яқин Шарқда устунлик қилишга яқин эди, бироқ ҳозир вазият ўзгарган – Трамп

Фото: AP

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон Яқин Шарқда устунлик қилишга яқин бўлганини, бироқ ҳозир вазият ўзгарганини айтди. У бу ҳақда Кентукки штатидаги нутқида айтиб ўтган.

Трамп нутқида Вашингтоннинг Эрон билан ядровий келишувдан чиққанини эслаб ўтган. “Президент лавозимини бажаришга киришишимдан бир ҳафта олдин мени бўлаётган ишлар билан таништиришган ва Эрон билан боғлиқ масала у бутун Яқин Шарқни қачон ўз назорати остига олишидан иборат  бўлган. Ҳозир эса улар бу ҳақда бошқа ўйлашмаяпти”, деб айтган Трамп.

“Ҳозирда уларда кичик ҳалокат юз бермоқда. Уларнинг кўчаларида исёнлар бўлмоқда, миллий валюта қадрсизланиб кетган. Улар бир кун ёнимизга келиб, балки бунга оз қолгандир, “Биз битим тузишни истаймиз”, деб айтишади. Бу нормал ҳолатдир, бу яхшидир”, деб қўшимча қилган АҚШ президенти. Унинг таъкидлашича, бу “АҚШнинг аввалги маъмурияти тузган битимга пародия эмас, балки ҳақиқий битим бўлиши керак”.  

Трамп май ойида АҚШ Эрон билан ядровий келишувдан чиқишини эълон қилган ва Эронга қарши эски санкциялар нафақат тикланиши, балки янгилари киритилишини айтган. АҚШнинг Эронга қарши санкцияларининг биринчи қисми 7 августга ўтар кечаси тикланган. Қолган санкциялар эса 5 ноябрдан кучга киради.

Мавзуга оид