Саудия арабистонилик журналист Жамол Қошиқчи 2 октябрь куни ўз мамлакатининг Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги консулхонасига кирганидан кейин изсиз ғойиб бўлган. «Ақлли соат» жумбоққа ечим топиши мумкин.

Фото: шахсий архив
Жамол Қошиқчи Саудия Арабистони сиёсатини танқид қилган ва The Washington Post учун мақолалар ёзган
2017 йилнинг июлида Жамол Қошиқчи шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон сўз эркинлигини чеклаш ҳаракатларини бошлаши фонида қамоққа тушишдан қўрқиб, Саудия Арабистонини тарк этган.
«Биз сиз билан гаплашиб турган паллаларда саудиялик зиёлилар ва журналистлар қамоққа олинмоқда. Бугунги кунда у ерда ҳеч ким ислоҳотларни танқид қилишга ҳақли эмас», деганди журналист.
У кейинги вақтларда Виржинияда ҳамда Истанбулда яшаб келди. У шунингдек, Лондонда ҳам кўп вақт ўтказган. У АҚШ резиденти ҳисобланади.
Саудиялик журналист ўз фаолияти давомида СССРнинг Афғонистонга қўшин киритиши ва Усама бин Лодиннинг тарихини ёритган. У маълум даврда саудиялик амалдорларга маслаҳатчилик ҳам қилган, аммо сиёсий қарашлари туфайли давлат лавозимини тарк этиб, «Ал-Ватан» газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаб, давлат амалдорлари қораланган ультраконсерватив материалларини нашр этган.
59 ёшли Қошиқчи кейинги вақтларда Американинг The Washington Post газетасидаги колонкаси орқали танилганди. Нашрдаги охирги материалларидан бирида у «Саудия Арабистонидаги қатағон чидаб бўлмас даражага етгани» ҳақида ёзганди. У Ғарбнинг бошқа нашрлари учун ҳам Саудия Арабистони сиёсати ҳақида шарҳлар берарди. 4 октябрь куни, унинг йўқолиб қолиши ҳақидаги хабардан икки кун ўтиб The Washington Post публицистини қўллаб-қувватлаган ҳолда, унинг колонкаси жойини бўш ҳолда нашр этди. «Йўқолган овоз» мақоласи нашрнинг босма ва электрон версияларидаги «Фикрлар» бўлимида жума куни пайдо бўлди.

«Юқорида Жамол Қошиқчининг сўзлари акс эттирилган бўлиши керак эди. У икки кундан бери, Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консулхонасига кириб кетганидан буён изсиз ғойиб бўлган»
Журналист ўз мамлакати консулхонасига кирган ва қайтиб уни ҳеч ким кўрмаган
2 октябрь куни Жамол Қошиқчи Саудия Арабистонининг Истанбул шаҳридаги бош консулхонасига келганди. У бу ерга Саудия Арабистонида яшайдиган биринчи хотини билан ажрашгани ҳақидаги ҳужжатни расмийлаштириш учун келганди. Журналист Туркияда қаллиғи Ҳадича Денгиз билан янги никоҳини расмийлаштириши учун ана шу ҳужжат керак бўлган. Консулхонадаги учрашув соат 13:30га белгиланган, Қошиқчи у ерга соат 13:14да келган. Журналистнинг қаллиғига у ерга киришга рухсат беришмаган ва у ташқарида 5 соат кутиб ўтирган. Шундан сўнг журналистни ҳеч ким кўрмаган. Кузатув камераларида фақатгина унинг ичкарига киргани қайд этилган.








