
22 июн куни Анқарадаги президент уйида Саудия шаҳзодасини қучоқ очиб кутиб олган Эрдўған у билан ёпиқ эшиклар ортида икки соатдан кўпроқ гаплашган. Музокаралар якунига кўра, икки тараф Саудия Арабистони ва Туркия алоқалари янги босқичга кўтарилганини таъкидлаган.
Де-факто қиролликни бошқараётган шаҳзода МБС (Муҳаммад бин Салмон) Саудиянинг улкан бойликлари ва нефт захираларига таяниб мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари томон йўналтирилаётган танқидларни юмшатишга ҳаракат қилаётган бўлса, Эрдўған 2023 йилда бўлиши кутилаётган президентлик сайловларига қадар Туркиядаги иқтисодий аҳволни яхшилаш учун молиявий кўмак қидирмоқда.
Туркия ва Саудия муносабатлари бир неча йил олдин совуқлашганди.
2018 йил 2 октябр куни Washington Post газетаси шарҳловчиси Жамол Қошиқчи Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консулхонасига кирганидан сўнг йўқолиб қолганди. Кейинроқ, журналист подшоҳликнинг дипломатик ваколатхонасида ўлдирилгани маълум бўлди ҳамда бу йирик дипломатик можарога айланиб кетди.

Эрдўған қотиллик Саудиянинг юқори даражадаги мулозимлари буюртмаси эканини айтган, подшоҳлик оиласи буни рад қилиб келади. Шундан сўнг икки давлат ўртасидаги алоқаларга совуқчилик тушганди.
2022 йил апрел ойига келиб Туркия томони жиноят ишини тергов қилишни тўхтатди ва ҳужжатларни Саудияга топширди. Бу эса ўз навбатида алоқаларни қайта тиклаш йўлидаги «муҳим қадам» бўлди.
Оғир иқтисодий ҳолатни бошдан кечираётган Туркияга янги инвестициялар ва янги савдо ҳамкорлари керак, Эрдўған ва унинг партиясини олдинда, 2023 йилда - сайловлар кутмоқда. Шу туфайли Эрдўған минтақадаги аввалроқ баҳслашиб қолган барча қўшнилари билан алоқаларни яхшиламоқда - Саудия Арабистони, Исроил, Бирлашган Араб Амирликлари, Миср.
Апрел ойида Эрдўған Саудияга борган ва у ерда барчанинг кўз олдида шаҳзодани қучоқлаб, уларнинг мамлакатлари «ҳамкорликнинг янги даври»га кираётганини эълон қилганди.








