Спорт | 02:07 / 14.10.2018
37087
2 дақиқада ўқилади

Нурмагомедов навбатдаги жанглар бўйича музокара ўтказишдан бош тортмоқда

Фото: vk.com/teamkhabib

Енгил вазнда UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов промоушен раҳбарияти унинг жамоаси олдидаги муаммоларни ҳал қилиб бермагунича навбатдаги жанги борасида музокаралар ўтказмаслигини айтди. Бу ҳақда унинг «Первый канал»даги сўзларига асосланиб, «Советский спорт» хабар бермоқда.

«Улар менинг кейинги жангим юзасидан музокараларни аллақачон бошлаб юборишган. Аммо мен: «Йўқ, йўқ, тўхтанглар. Менинг жамоамга жазо қўллаб туриб, сиз билан музокара ўтказишимни истаяпсизми?» деб айтяпман. Бунақаси ҳеч қачон бўлмайди.

Жамоам ва яқинларимнинг муаммоларини ҳал қилмас экансиз, менга умуман қўнғироқ қилманг», - дея айтиб ўтди Нурмагомедов.

6 октябрь куни Лас-Вегасда Нурмагомедов UFC 229 мусобақаси доирасида енгил вазн тоифасида чемпионлик камарини ҳимоя қилди. Кечанинг асосий жангида у ирландиялик Конор Макгрегорни мағлубиятга учратди. Баҳсдан сўнг Ҳабиб октагондан чиқиб кетиб, Макгрегорнинг спарринг-шериги Диллон Дэвис билан муштлашиб кетган. Бу орада UFC’нинг бошқа жангчиси, Нурмагомедовнинг дўсти Зубайра Тухугов октагонга тушиб, Макгрегор билан уришиб кетган. Шундан кейин UFC раҳбари Дана Уайт октагонга тушган жангчилар ташкилотдан четлатилишини айтган эди.

Ҳозирда Нурмагомедов ва Макгрегор 15 октябрдан 24 октябргача бўлган муддатга дисквалификация олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳабиб ўзига келиб тушган таклиф ҳақида маълум қилган эди.

Мавзуга оид