Жамият | 19:00 / 15.10.2018
18171
5 дақиқада ўқилади

Қатағон қурбонлари зиёрат қилинди

14 октябрь куни бир гуруҳ ўзбек зиёлилари ва ижтимоий тармоқ фаоллари 1938 йили отилган жадидлар, миллат фидоийлари отилган ва дафн этилган жойларни зиёрат қилишди. Тарихчилар, фаоллар, хусусан Анвар Назир, Ботир Ҳасанов ва бошқалар томонидан ташкил этилган ушбу зиёрат қатағон қурбонлари хоклари дафн этилган Оқилота қабристонидан бошланди. Бу ерда шаҳидлар ҳақига Қуръони карим тиловат қилиниб, улар амалга оширган хайрли ишлар ёдга олинди.

2000 йили очилган «Шаҳидлар хотираси» майдони яқинида қатағон қурбонлари отилган деб тахмин этиладиган эски Алвастикўприк ўрни ва ёдгорлик мажмуаси кўздан кечирилиб, ўзбек халқини ҳурлик ва эркинликка ундаган, мустабид тузум йилларида қатағонга учраган фидоий ватандошлар хотирланди.

Facebook / Умида Ахмедова

Шундан сўнг пойтахтдаги «Чиғатой» қабристонига зиёрат уюштирилди.

Facebook / Анвар Назир

1938 йилнинг 4 октябридан 15 октябрига қадар Тошкент шаҳрининг ҳозирги «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси атрофида мингдан ортиқ ўзбеклар НКВД ходимлари томонидан отилган. Кейинчалик иншоотлар қурилиши муносабати билан шаҳидлар суяк ва хоклари мажмуа яқинидаги Оқилота қабристонига дафн этилган. 1990 йиллар бошида қабристонда шаҳидлар хотираси учун кичик ёдгорлик-лавҳа ўрнатилган. Қабристонга дафн этилганларнинг шахси номаълум.

Facebook / Анвар Назир

1937-1939 йилларда Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлиги «учлик»лари томонидан 41 минг нафардан ортиқ киши қамалган. Шулардан 37 минг нафардан ортиғи судланган, 6920 киши отиб ташланган.

Facebook / Анвар Назир

«Шу кунларда ўзбек миллати етакчилари совет диктатураси томонидан қатағон этилганига 80 йил бўлди. Аммо бу даҳшатли сана ҳақида жамотчилигимиз ҳали ҳам тўлиқ маълумотга эга эмас. Масалан, 80 йил олдин нафақат энг илғор ўзбек зиёлилари қатағон этилди, қолаверса, ўзбек миллатига мансуб бўлган етакчи ҳарбийлар, илк етакчи ўзбек аёллари, етакчи ўзбек уламолари ҳам жисмонан йўқ қилинганди. Советларнинг асосий мақсади битта эди, ўзбек миллати етакчиларини, бошқарувчиларини қирғин қилиб, миллатни совет мустамлакаси тизимига тўлиқ бўйсундириш.

Бу кунларда биз нафақат 80 йил олдин бўлган миллий фалокатни эсга оламиз. 100 йил олдин Туркистон мухторияти қулатилган, советлар томонидан уюштирилган террористик ҳаракатлар, Марказий Осиёда катта, қизил, совет террорини бошлаб берганди. 100 йил олдин ўзбеклар террорни билишди, айнан 1918 йилда советлар доҳийси Ленин қўл қўйган қарор террорга амал қилиш мақсадида қабул қилинган эди. 1933 йили, шу кунлардан 85 йил муқаддам эса ўзбек деҳқонларини қатағон этиш жараёни якунланди, 1935 йилга келиб минглаб деҳқонлар қулоқ бўлиб, Сибирга сургун қилинди. Қишлоқ аҳолиси паспортдан маҳрум этилди. Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизи қишлоқларда яшаганини инобатга олсак, ўтган асрнинг 70- йилларигача ўзбекистонликларнинг кўпчилиги ўз юртида паспортсиз яшаб келган, фуқароликдан маҳрум қилинган эди.

Бу қатағонлар илғор, етакчи ўзбекларнинг бошини эди, Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Элбекни, илк ўзбек режиссёри Ҳ.Девонов, илк ўзбек фотосуратчиси И.Даврон, етакчи аёллардан Ҳ.Мажидхонова, илк ўзбек кимёгари С.Жаббор, илк ўзбек тилшуноси Ғ.Юнус, ҳарбийлар, олимлар, маърифатпарварлар қатағонга учради. Бу йўқотишлар келажакка, миллатнинг ривожига катта зарар келтирди, буни биз ҳалигача чуқур англамадик.

Совет даврида ўша кунлари қатл этилганларнинг хоклари Тошкентдаги қабристонлардан бирига яширинча, номсиз дафн қилинди. Совет мустамлакаси қулаши билан бу қабристон номи ойдин бўлди, Тошкент шаҳридаги Юнусобод туманида жойлашган Оқилота қабристони, қадимги қабристон. Мустақиллик йилларида бу қабристонда ёдгорлик ўрнатилди. Аммо охирги йилларда бу қабристонга жамоатчилик, давлат томонидан ташкиллаштирилган зиёратлар амалга оширилмади. Бу йил эса, биринчи бор тарихда катта гуруҳ Оқилотага зиёрат қилди. Зиёратни маҳаллий фаоллар ва хорижда истиқомат қилиб келаётган ўзбеклар уюштиришди. Умид қиламизки, бу зиёрат энди одатга айланади ва жамоатчилик бу тадбирни кенг қўллаб-қувватлайди», дейди тарихчи Анвар Назир.

Мавзуга оид