Ўзбекистон | 22:54 / 16.10.2018
22981
4 дақиқада ўқилади

Марк Уинс Ўзбекистонда: Ўзбек миллий таомлари машҳур  фуд-блогерни лол қолдирди (видео)

Энг машҳур фуд-блогерлардан бири Марк Уинс Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг қўллаб-қувватлаши остида Ўзбекистонга ташриф буюрди ва мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойларида бўлди. Блогер гастрономик туризмни тарғиб қилиши билан танилгани боис дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлган ва у ерларнинг миллий таомларидан татиб кўриб, ўз таассуротлари акс этган видеолавҳаларни фолловерлари билан бўлишган.

Блогернинг YouTube саҳифасида унинг оиласи билан Тошкент шаҳрида бўлгани ва ўзбек таомларини тановул қилиб, уларга баҳо берганини кўриш мумкин.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Маркетинг тадқиқотлари бошқаруви ва миллий туристик маҳсулот тарғиботи бўлими раҳбари Беҳруз Ҳамзаев бошчилигидаги гастрономик саёҳат давомида Марк Уинсга ўзбекистонлик фуд-блогер Равшан Ҳожиев ҳам ҳамроҳлик қилган. Улар биргаликда пойтахтдаги ош маркази, Чорсу бозори ва замонавий ресторанлардан бирида бўлиб, мазали ўзбек миллий таомларини тановул қилишади.

KUN.UZ мухбири қўмита вакили Беҳруз Ҳамзаев билан боғланиб, блогер ташрифига доир тафсилотларга қизиқиш билдирди.

"Бугунги кундаги жаҳон трендларини инобатга олган ҳолда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Умаровнинг қўллаб-қувватлаши остида Марк Уинсни Ўзбекистонга таклиф қилдик. Марк Ўзбекистонга келиб, юртимиз ҳақида жуда зўр таассуротлар билан кетди. Энг аввало, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва миллий таомларимизнинг мазаси уни лол қолдирди. Шу билан бирга, тарихий обидаларимиз унга жуда манзур бўлди. Уни ҳашаматли жойларга эмас, оддий одамлар овқатланадиган жойларга олиб бордик, яъни ҳақиқий ҳаётни кўрсатдик. Сайёҳлар ҳақиқий ҳаётни кўргани келади, биз уларни ҳашаматли ресторанлар билан ҳайратлантира олмаймиз, зеро улар бундай жойларни кўп кўрган. Биз Маркка ҳамёнбоп, эл қатори ҳаётни кўрсатдик", - дейди у.

Қўмита вакилининг сўзларига кўра, ташрифга қадар Марк Ўзбекистон ҳақида деярли ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган, лекин саёҳатдан сўнг унинг мамлакатимиз ҳақидаги фикри 180 даражага ўзгарган. У бунга қадар жуда кўп давлатларда бўлгани, лекин ўзбек миллий таомларининг мазаси бошқаларникидан буткул фарқланишини таъкидлаган.

Марк Уинс шунингдек юртимиз одамларининг очиқкўнгил ва бағрикенглигидан чуқур таъсирланган, зеро унинг айтишича, ҳамма ерда ҳам таомларнинг мазасини шунчаки татиб кўришга рухсат берилмайди, Ўзбекистонда эса бундан ҳеч қандай муаммо бўлмаган.

Таъкидлаш жоизки, Маркнинг Тошкент шаҳрига ташрифи акс этган видеони 24 соат ичида ярим миллион фолловер томоша қилган, фуд-блогернинг айтишича, бунақаси биринчи марта қайд этилган. Бошқа мамлакатларга сафари давомида олинган видеолар одатда 2-3 ҳафтада бундай натижага эга бўлади. Видео остидаги изоҳларнинг жуда кўплиги ва ижобийлиги ҳам ушбу сафарнинг бесамар кетмаганини тасдиқлайди.

Яқин кунларда Ўзбекистонга яна бир машҳур блогернинг ташрифи кутилмоқда. Ҳатто қишда ҳам қишки туризмни ривожлантириш учун таниқли блогерлар ташрифи ташкиллаштирилади. Умуман, бу йўналишда режалар ва ташаббуслар талайгина, бироқ бу ҳақида кейинги мақолаларда...

 

Маълумот учун: Марк Уинс- энг машҳур фуд-блогерлардан бири, ижтимоий тармоқларда унинг 5 миллионга яқин обуначилари бор. У АҚШда туғилган, айни дамда турмуш ўртоғи ва ўғли билан Таиландда истиқомат қилади.

Мавзуга оид