Жамият | 23:22 / 18.10.2018
28537
7 дақиқада ўқилади

Ҳақиқат осмонда, нарвони «ҳамён»дами ёхуд жиззахликларнинг дардини эшитадиган борми?

Жиззах вилояти, Дўстлик тумани, Мевазор массивида қурилиши 2017 йил ноябрь ойига тугалланиши мўлжалланган икки қаватли уйнинг бўлажак соҳиблари номидан KUN.UZ таҳририятига мурожаат келиб тушди. Мурожаатнинг мазмунига кўра, шу ҳудуддаги икки қаватли уй ҳанузгача қуриб, эгаларига топширилмаган. Ўтган вақт мобайнида бўлажак 32 нафар уй соҳиби туман, вилоят, республика мутасадди ташкилотларига шикоят билан чиқишган. Қилинган шикоят ва аризалардан эса натижа йўқ.

Куф-суфчига ишонсанг ҳам, хўп-хўпчига ишонма...

Уй учун 2016 йил декабрь ойида дастлабки тўловни амалга оширган Дилшод Ўнаров, мана, бир йилдирки юқори ташкилотларнинг ёлғон ваъдаларига ишониб яшамоқда. Бу ҳақида унинг ўзи шундай дейди.

- Жондан ўтмаса, жоним демас экансиз. 2016 йил декабрь ойида 90.326998 сўмлик уйнинг 15 фоизини, яъни дастлабки бадалини (13849350) тўлаганимда хурсандчиликдан бошим осмонга етган эди. Аммо минг афсуслар бўлсинки, Мевазор массивида қурилаётган қарама-қарши жойлашган икки қаватли уйларнинг бири битиш арафасида бўлса, иккинчисида 30-40 фоиз ҳам иш бажарилмаган. Орадан бир  йил вақт ўтди.

Бизнинг ҳам моддий, ҳам маънавий зарар кўраётганимиз билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Бўлажак уй соҳибларининг саксон фоизи, шахсан ўзим ҳам ижарада тураман. Ижара ҳақи эса 350 000 сўмни ташкил этади. Шу билан бир қаторда, битмаган уй учун Дўстлик туман Ҳалқ банкига уй-жой кредитининг белгиланган тўловларини ўз вақтида тўлаб келмоқдамиз. Арз қилиб бормаган жойимиз қолмади.

Дастлаб, туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қилган бўлсак, кейинчалик вилоят ҳокимлигидан тортиб ҳалқ қабулхонасигача мурожаат қилдик. Аммо ҳар сафар қоп-қоп ваъдалар билан қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб жўнатишади. Ана битади, мана битади билан орадан шунча вақт ўтди. Уй битишига умид ҳам қилмай қўйдик. Дардимизни ким эшитади?

Қурувчининг оҳидан тутун чиқди...

Ушбу қурилиш объектида иш олиб бораётган «Аҳмад Ҳожи Ал-Аваз» МЧЖ иш юритувчиси Абдулла Абдураззоқов эса уйни ўз вақтида битмаётганига МЧЖ «Қишлоқ Қурилиш Инвест» ИК филиалини айблади.

- Дўстлик тумани, Мевазор массивидаги ушбу қурилиши ниҳоясига етмай қолиб кетган уйни шу йилнинг июнь ойида бизга топширишди. Шу икки қаватли уйларга ўз ҳисобимдан 400 миллиондан ошиқ пул сарфлаганман. Қурилиш ишлари тўхтаб қолмаслиги учун 200 миллион сўмга цемент харид қилганман. Ўз пулимни ҳалигача ололганим йўқ, сиз эса битмаган уйни қачон битади дейсиз? Биз МЧЖ «Қишлоқ қурилиш Инвест» ИК Жиззах вилояти минтақавий филиали директори Ойбек Эркаевнинг лафзига ишониб, шу битмаган уйда қурилиш ишларини бошлаб юбордик. Сиз бошлайверинг, биз сизнинг ҳисоб-рақамингизга пул ўтказиб берамиз  дейишди. Аммо ваъда бажарилмади.

Пулдан ҳалигача дарак йўқ. Эртага, индинга билан, мана, қиш ҳам келиб қолди. Уйнинг номига ва ўта сифатсиз қурилгани бор гап. Деворлар қийшиқ, ичкарида хоналарни ажратиб турувчи  деворларни ушласангиз қимирлайди. Энг қизиғи, кўпгина қурилиш материаллари сотиб юборилган. Масалан, дераза ромлари. Тўрт-беш хонадонга дераза ромлари ўрнатилмаган. Ишчиларга ўз ҳисобимиздан маош бераяпмиз. Сизга ёлғон-менга чин, шахсий автоуловимни гаровга қўйиб  фоизга пул олганман. 2016 йилда қурилиши бошланган ушбу уй учун оддий ғиштни 500 сўмдан олишган бўлса, айни кунда битта ғишт 1500 сўм туради. Мен ҳам чарчадим рости. МЧЖ «Қишлоқ Қурилиш Инвест» ИК олиб бораётган бундай «ўйин»лар натижасида бор-будимдан айрилмасам бўлди, деган ҳадикдаман. Гапни пўсткалласи, менга қачон маблағ ажратилса, шундагина қурилиш ишларини бошлашим мумкин.

Сув бошидан лойқаланадими?..

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида қурилишга масъул бўлган Жиззах вилояти марказида фаолият юритаётган МЧЖ «Қишлоқ Қурилиш Инвест» ИК минтақавий филиалига йўл олдик. Филиал директорини учрата олмагач, раҳбар ўринбосари Ёвбосар Бўроновга учрашдик. Ташрифимиз сабабини билган Ёвбосар Бўронов бу борада ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини, кечагина меҳнат таътилидан чиқиб ҳали ҳеч нарсадан хабари йўқлигини билдириб ўтди. Ёвбосар Бўроновдан ҳеч қандай маълумот ололмаслигимиз аён бўлгач, филиал директори Ойбек Эркаевни кутишга қарор қилдик. Ойбек Эркаевнинг бизга берган изоҳи эса, ундан ҳам қизиқ.

- Аслида, Мевазор массивидаги қурилаётган уйлар учун ажратилган ерни ўзи нотўғри танланган. Ер талабга жавоб бермайди. Қурилиш давомида ердан бир неча марта сув чиқиб кетган.

Ушбу объект масъуллари «Сильвер Фортуна Сервис» МЧЖ ўз ишига совуққонлик билан қарагани боис улар билан тузилган шартномани бекор қилганмиз. Айни кунда «Сильвер Фортуна Сервис» МЧЖга жиноят иши очилган. Хуллас, сабаблар кўп муаммонинг юзага келишида банкларнинг ҳам айби бор. Лекин шунга қарамай биз ҳаракат қилаяпмиз. Уйлар жорий йилнинг 10 ноябрь санасига битказилиб, ўз эгаларига топширилади. Бунинг учун барча имкониятларимиз етарли.

Кутганга кун узоқми?..

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади - икки ҳафта ичида ярим чала ҳолатдаги ушбу бино ҳақиқатданам ҳам қурилиб соҳибларига топширилармикин? Муддат жуда қисқа эмасми? Хўш, шундай бўлди ҳам дейлик, қурилиш ишларининг сифатли бажарилишига кафолат борми? Шунингдек, исми очиқланишини истамаган қурувчилар «Силвер Фортуна Сервис» МЧЖни азалдан муаммоли МЧЖ бўлганлигини, лекин шунга қарамай нима сабабдан яна бу МЧЖга буюртма берилганини айтиб ўтишди. Ўзингиз хулоса қилинг, битта дўппи ҳамма бошни айланиб чиқяпти. Дўппи эскириб кетди. Лекин бошлар омон. Сув бошидан лойқаланади.

Саволлар кўп, жавоблар эса... Масъулларнинг айбни бир-бирига ағдаришига қараганда, Дилшод Ўнаров каби саргардон уй соҳиблари бу йил ҳам янги уйга кўчиб ўтолмайди. Ёз ўтди, куз ўтаяпти, эшик қоқиб қиш турибди остонада. Бошпанасиз аҳоли (аксарияти ёш ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари) маошдан маошга пул етказолмай сарсон қолаверадими?

Бу масалага Жиззах вилоятидаги мутасадди ташкилотлар, ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари нима дейди? Масала ижобий ечим топадими?

Хулоса шуки, кун санаб кутишдан чарчаган, умидсиз, сарсон юртдошларимиз ўз уйларига эга бўлишсин. Кимнингдир жиғилдонига кириб кетган маблағлар эса ўз ўрнига қайтарилсин. Токи ҳақиқат осмонда, нарвони «ҳамён»да бўлмасин...

Гулчеҳра Шарипова

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид