Фан-техника | 12:12 / 19.10.2018
81832
7 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг тезкор поездлар қайси? “Афросиёб” нечанчи ўринда?

Куни кеча Тошкентни бошқа йирик шаҳарлар билан боғловчи “Афросиёб” поезди чипталарининг қимматлашуви анчагина шов-шувларга сабаб бўлди. Таъкидлаш керак, бу ярим йил ичида иккинчи марта нарх кўтарилишидир. Лекин шунга қарамай “Афросиёб” поездлари тезкорлиги ва қулайлиги билан мижозлар эътиборини қозонган, нисбатан қиммат чипталарга қарамай ҳамиша талабгир.

Хўш, дунё бўйича энг тезкор поездлар қайси? “Афросиёб” улар орасига кира оладими? Авиация асрида темир йўл орқали йўловчи ташиш нимаси билан рақобатбардошликни сақлаб қолмоқда?

Мақоламизда поездларнинг тезкорлиги бўйича тузилган рейтингни ҳавола этишдан олдин қуйидаги фактларга эътиборингизни қаратамиз:

* Дунёда тезкор поездлар кўп, лекин уларнинг аксарияти тезлик бўйича рекорд ўрнатгани ҳолда йўловчи ташишда фойдаланилмайди ёки йўловчилар билан бирга юрганда ўз имкониятларининг катта қисмидан фойдаланмайди;

* Айрим рекордчилар фақат ўзига хос ва алоҳида йўлларда юра оладилар ва уларнинг тезлик борасидаги рекордлари фақат қайд этиш ёки келажак технологиялари учун бир босқич вазифасини ўтайди, яъни амалда ҳали хизмат кўрсата бошламаган.

Рейтингда поездларнинг ҳам юқори тезлиги, ҳам йўловчиларга хизмат кўрсатиш тезлиги бўйича маълумотлар жой олган.

10. Eurostar e320  

Фото: travmagazine

320 км/соат тезликда ҳаракатланувчи e320 Eurostar поездлари Лондон, Париж ва Брюссель каби шаҳарларни бир-бири билан боғлайди ва узунлиги 560 км бўлган машҳур Ла-Манш бўғози орқали ҳаракатланади. Икки пойтахт орасида қатновчи йўловчилар ўртача 2 соату 15 дақиқада манзилларига етиб боришади. Бу поездлар немисларнинг Siemens Velaro заводида ишлаб чиқарилса-да, Eurostar Франция, Буюк Британия ва Бельгиянинг ҳамкорликдаги лойиҳаси ҳисобланади.

9. Talgo 350 

Фото: KUN.UZ

Биз яхши биладиган ва юртдошларимиз ҳамда Ўзбекистон меҳмонларига хизмат кўрсатаётган “Афросиёб” поезди айнан мана шу поезднинг модификацияларидан бири ҳисобланади. Дастлаб Испаниянинг икки йирик шаҳарлари Мадрид ва Барселонани бир-бирига боғлашга мўлжалланган Talgo 350 тез орада бошқа давлатларга ҳам экспорт қилина бошланди. Бу поезднинг етакчи авлодлари махсус йўлларда 365 км/соат тезликка чиқа олади. Маҳаллий аҳоли унинг тумшуғига таъриф бериб «Pato» (ўрдак) деб атайдилар.

8. Shinkansen

Фото: japan-guide.com

Японларнинг ўта юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларидан бири Shinkansen Е5 ва Е6 моделларга эга. Бу поездлар ўз тезликларини 400 км/соатга чиқара олишади ва муҳим жиҳати тезлик юқори бўлгани ҳолда қулайлик ва хавфсизликка зарар етмайди.

7. Velaro E

Фото: Wikipedia

Siemens Velaro ишланган бу поезд Испаниянинг RENFE темир йўллар компаниясига тегишли бўлиб,  максимал тезлиги 404 км/соатга етади ва бу борада ўз давлатининг етакчиси ҳисобланади.

6. Aerotrain I80

Фото: Wikipedia

Француз муҳандиси Жан Бертен томонидан яратилган Aerotrain I80 поезди реактив двигатель билан жиҳозланган ва 1974 йилда тезлик бўйича жаҳон рекордини ўрнатган. Аммо 430 км/соат тезликни қайд этган бу поездга бирорта йўловчини ташиб пул ишлаш насиб этмаган. 1977 йилда Жан Бертеннинг ўлимидан сўнг лойиҳа маблағсиз қолди ва поезд ҳам музейга йўл олди. Аммо муҳандиснинг ғояси ўлмади – магнит ва ҳаво ёстиқчалари ёрдамида ҳаракатланиш услуби бошқа поездларда қўлланилди.

5. CRH380A

Фото: Wikipedia

2010 йилда фойдаланишга топширилган бу поезднинг ўзига хос жиҳати шундаки бу хитойлик муҳандисларнинг хорижий конструкциялар ва технологиялардан фойдаланмаган ҳолда ишлаб чиқарган биринчи серияли ишланмаларидир. Унинг максимал тезлиги 486 км/соатни ташкил қилади. Аммо 2011 йилдаги бахтсиз ҳодисадан сўнг унинг ишчи тезлиги 300 км/соат қилиб чекланган.

4. Shanghai Maglev Train

Фото: Getty Images

Магнит ёстиқчаларда ҳаракатланувчи биринчи тижорат поезди бўлган Shanghai Maglev Train 2004 илк бор рельсга чиққан ва у Германиянинг Transrapid компанияси томонидан ишланган. SMT 500 км/соат тезликка чиқа олади ва Шанхай шаҳрининг чекка ҳудудларини Пудун халқаро аэропорти билан боғлайди.

3. TGV POS

Фото: Flickr

2007 йилда модификацияланган TGV POS поезди оддий транспорт воситалари орасида жаҳон рекордини ўрнатди ва 575 км/соат тезликни қайд этди. Кейинчалик поезд ўзгартирилди – катта ғилдираклар ўрнатилди ва фақат иккита мотор қолдирилди. Шундан сўнг асосан Франция ва Швейцария ўртасида ҳаракатланувчи поезднинг ишчи тезлиги 320 км/соатни ташкил қилмоқда.

2. JR-Maglev MLX01

Фото: Flickr

2003 йилда Япониядаги Яманаси округида жойлашган махсус йўлдаги 40 километрли оралиқда 585 км/соат тезликни қайд этган MLX01 поездининг бу рекорди кейинги 12 йил давомида сақланиб турди ва шундан сўнггина тезлик бўйича етакчиликни ўзининг кейинги авлодига бўшатиб берди.

1. SCMaglev L0 Series

Фото: Wikipedia

Магнит мосламасида ҳаракатланувчи бу поезднинг тезлиги ақл бовар қилмас даражада ва анча-мунча самолёт у билан беллаша олмайди. 2015 йилда 603 км/соат (!) тезликни ортда қолдирган бу поездда фақат машинистнинг ўзигина бўлган. Японларнинг техника мўъжизаси ҳаётга татбиқ этилиши бошланган ҳамда у Токио ва Осака орасида йўловчи ташийди. Табиийки, ўзининг максимал тезлигида эмас.

Шу ўринда нега бундай поездлардан кўпроқ Европада, Хитой ёки Японияда фойдаланилишини тушунтириб кетиш лозим. Ўртача 800-1000 нафар йўловчига хизмат кўрсата олувчи бу поездлар мунтазам қатнаши ва фойда бериши учун аҳоли зич эканлиги, яъни қатнов потенциали юқори бўлиши шарт. Шунингдек, маҳаллий аҳолининг азалдан поездда ҳаракатланиш маданияти шакллангани ҳам жуда муҳим. Қолаверса, йилдан-йилга бу тизим модернизацияланиб бориши, махсус йўллар қурилиши, янги қулайликлар яратилиши туфайли темир йўл тизими авиақатновлар билан рақобатни бой бермай келмоқда.

Қизиқ факт: Гарчи Европа қитъаси, Хитой ёки Япония поездлари ўзларининг тезкорлиги билан етакчи бўлсаларда, темир йўл тизимидаги хизмат кўрсатувчи ташкилот ҳажми жиҳатдан ҳеч бир компания “Ҳиндистон давлат темир йўллари” (Indian Railways) билан беллаша олмайди. 1832 йилда асос солинган, яна бир рекорд даража – 1 миллион 600 минг нафар ишчи-ходими бўлган бу компания йилига 350 миллион тонна юк ва расман 6 миллиард нафар атрофида йўловчи ташийди.

6 миллиард нафар дейиш ҳам шартли, албатта. Сабаби, шунча миқдорда чипта сотилса-да, йўловчиларнинг аниқ сонини ҳеч ким билмайди. Чунки томларида минглаб одамлар билан юрган Ҳиндистон поездларини кўпчилик кўрган.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид