Ўзбекистон | 21:26 / 19.10.2018
3950
4 дақиқада ўқилади

REGNUM: “Ўзбекистон ва Россия ёшлар ташкилотлари ҳамкорликни йўлга қўймоқда”

Россия Федерацияси Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи давом этаётган бир паллада Россиянинг нуфузли Regnum ахборот агентлигида Ёшлар иттифоқининг фаолиятига оид “Ўзбекистон ва Россия ёшлар ташкилотлари ҳамкорликни йўлга қўймоқда” деб номланган мақола эълон қилинди.

Мақолада ўтган давр мобайнида, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Россия ёшлар иттифоқи ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланади ва жумладан шундай дейилади:

“...Россия ёшлар иттифоқи” Умумроссия жамоат ташкилоти ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми (2017 йил 8 ноябрь, Москва шаҳри) имзоланди.

Мазкур меморандум томонлар ўртасида ёшлар масалалари юзасидан ўзаро ҳамкорлик соҳалари ва тартибини белгилаш, икки мамлакат ёшлари ўртасидаги алоқаларни кучайтириш ҳамда ўзаро фикр алмашиш асосида мамлакатлар ўртасида ёшлар масалалари соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган.

2017 йилнинг 14-22 октябрь кунлари Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган XIX Умумжаҳон ёшлар ва талабалар фестивалида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 56 нафар фаолларидан иборат делегацияси иштирок этди.

2017 йилнинг 30 октябр – 9 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Россия Федерациясининг Новосибирск, Санкт-Петербург, Астрахань ва Москва шаҳарларига хизмат сафари амалга оширилди.

Сафар давомида ушбу шаҳарлардаги меҳнат қилаётган ва таълим олаётган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашувлар ташкил этилди, уларнинг яшаш шароитлари, муаммолари ўрганилиб, уларга амалий ёрдам берилди.

Сафар давомида 50 дан ортиқ очиқ мулоқотлар ташкил этилиб уларда 19 000 ўзбекистонлик ёшлар қамраб олинди”.

Шундан сўнг мақолада имзоланган меморандумга асосан, 2018 йилнинг 12-17 февраль кунлари Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларида “Иккинчи Ўзбекистон – Россия ёшлар форуми” ташкил этилгани ҳақида сўз юритилади ва16 февраль куни Самарқанд иқтисодиёт институтида ёшлар туризми йўналишида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинган давра суҳбатидан сўнг Россия – Ўзбекистон Ёшлар туризми марказини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилгани қайд этилади.

Мақолада жорий йилнинг 1 – 7 октябрь кунлари Россия Федерациясининг Москва, Астрахань ва Волгоград шаҳарларида III Россия ва Ўзбекистон ёшлар форуми бўлиб ўтгани ва унда Белгород шаҳрида биринчи Россия - Ўзбекистон ёшлар бизнес-инкубаторининг очилгани таъкидланади. Табиийки, ушбу бизнес инкубатордан икки томон ёшларининг ҳам умиди катта.

Давлат раҳбарларининг бугунги олий даражадаги музокаралари давомида 2019-2021 йилларда маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик дастури, Ўзбекистонда Россиянинг етакчи олий таълим муассасаларининг филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини таъминлаш тўғрисидаги келишув каби икки томонлама ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган. Шундай экан, Ўзбекистон-Россия ёшлари ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб бораверади.

Маълумот ўрнида :

Regnum Россиянинг машҳур ахборот агентлиги бўлиб, унинг лентасида кунига 700 тадан ортиқ янгилик жойланади. 150 нафар россиялик ва хорижлик корреспондентлар эса федерал округлар, ҳудудлар бўйича мақолалар тайёрлаб беришади.

Агентлик икки марта (2005, 2006) йилларда РОТОР версиясига кўра “Йилнинг информацион сайти” номига муносиб кўрилган.

2006 йилда Рунет мукофотига сазовор бўлган.

Ахборот агентлигининг ойлик аудиторияси 4,3 млн кишидан ортиқ. Ҳатто Яндекс.Новости ва NewsRu.Comни ҳам ундан камроқ киши ўқийди. “Онлайн-монитор” ўтказган аудитория тадқиқоти натижасига кўра Regnumни асосан ҳукумат вакиллари, банк ходимлари, юристлар ва бошқа раҳбарлар ўқишади.

Компания тасарруфига қуйидаги ахборот агентликлари киради:“Regnum-Волгаинформ” (Самара — Чебоксар), “Северинформ” (Вологда), “Regnum — Архангельские новости” (Архангельск), ҳудудий лойиҳалар “Город_24” (Брянск, Смоленск), Regnum-MurmanNews (Мурманск), Regnum-MariNews (Йошкар-Ола), “Regnum-Балтика” (Санкт-Петербург), “Regnum-Алтай” (Барнаул), “Regnum-Приморье” (Владивосток) ва бошқалар.

Ахборот агентлигига 2002йил 22 июль куни Борис Соркин ва Модест Колеровлар асос солишган.

Мавзуга оид