Роналдо: «Эктор Купер фаолиятимдаги энг ёмон мураббий бўлган»
Яқин ўтмишнинг энг таниқли футболчиларидан бири, икки карра «Олтин тўп» соҳиби Роналдо ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида ишлаётган Эктор Купер билан ўрталарида келиб чиққан зиддият ҳақида гапириб берган. Унинг Spor TV`га берган интервьюсини шу йилнинг июнида, аргентиналик мутахассис ҳозирги лавозимига келиш арафасида Football Italia чоп этган.
«Менинг «Интер»даги фаолиятим у туфайли ёмон тугаган эди», - деб айтган Роналдо.
Маълумки, бразилиялик ҳужумчи 1997-2002 йиллар мобайнида «нерадзурри» шарафини ҳимоя қилиб, клубга келган ва ундан кетган йилларда «Олтин тўп» совринини қўлга киритган. Унинг клубдаги сўнгги мавсуми Эктор Купер қўл остида ўтади. 2001 йил ёзида, бундан аввалги кетма-кет икки мавсумда «Валенсия»ни ЕЧЛ финалига қадар бошлаб борган ва дастлаб Испанияда, сўнг Европада йилнинг энг яхши мураббийи деб эътироф этилган Эктор Купер «Интер» бош мураббийи этиб тайинланади.
Купер Миландаги ишини муваффақиятли бошлаб, А Серияда етакчиликни қўлига олган, аммо мавсумнинг иккинчи ярмида жамоада чарчоқ аломатлари кўзга ташланиб, салбий натижалар кўпая боради. Сўнгги тур олдидан «Интер» жадвалда биринчи ўринни эгаллаб турган бўлса-да, ҳал қилувчи сўнгги учрашувда «Лацио» майдонидан 2:4 ҳисобидаги мағлубият билан қайтади ва «Ювентус» ҳамда «Рома»дан ортда қолиб, якуний жадвалнинг учинчи поғонасидан жой олади.
Римдаги ўша баҳсни Роналдо захирида ўриндиғида ўтказган эди. У бундан аввалроқ деярли уч йилдан буён безовта қилиб юрган жароҳати сабабли икки марта жарроҳлик столига ётган ва ЖЧ-2002га қадар тикланиб майдонга қайтишга зўр бериб уринаётган эди. Купер унга майдонга тушишга рухсат бермайди. «Лацио»га қарши тарихий мағлубият бу ўйинни захирада ўтириб кузатган Роналдонинг кўз ёшлари билан «Интер» мухлислари ёдида қолган. Шундан сўнг у «Реал»га кўчиб ўтиб, «Галактикос»нинг муҳим бўлагига айланган эди.
«[Мен «Интер»дан кетганимдан сўнг ҳам] Купер жамоага устозлик қилишда давом этди. Эҳтимол, унинг агенти жаҳондаги энг яхшиси бўлгандир. Ўша вақтда жароҳатимдан тикланаётган эдим. Майдонга тушишни истаганман, аммо бизнинг муносабатларимиз яхши эмасди.
Мен клуб президенти [Массимо Моратти]дан ё мени, ёки уни танлашини сўраганман. Якунда эса «Реал»дек сеҳрли клубга йўл олгандим. Шундай бўлса-да, Куперни мен ўз фаолиятимда дуч келган энг ёмон мураббий, деб айта оламан», - дея таъкидлаб ўтган Роналдо.
Маълумот учун, бразилиялик ҳужумчи Жанубий Корея ва Япония мезбонлигида ўтган ЖЧ-2002да иштирок этиб, Бразилия термасининг бешинчи маротаба мундиал ғолиби бўлишига ҳисса қўшган эди. У ўша йили иккинчи марта «Олтин тўп»ни қўлга киритиш билан бирга ФИФА талқинига кўра учинчи марта жаҳоннинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилган.
Эктор Купер эса «Интер» билан келгуси мавсумда А Сериянинг иккинчи ўрнини эгаллаган, учинчи мавсумидаги муваффақиятсиз старти сабаб ишдан бўшатилган.
Мавзуга оид
15:36 / 18.11.2021
Конго ДР миллий жамоаси Эктор Купернинг қўпол хатоси сабабли ЖЧ-2022 орзусидан мосуво бўлиш арафасида. Аслида нима бўлганди?
12:13 / 16.11.2021
«Рома»даги асосий мақсад, Моуриньонинг бошқалардан фарқи, «Пахтакор»га ўтмагани, Бабаян, Купер, Абрамов ва Катанец даври таққоси – Шомуродов билан интервью
21:50 / 01.07.2021
«Купер ҳимоя қилган футболчилар унга ортдан пичоқ уришди» — Санъат Шарипов Абрамовни ким чақиргани, Равшан Эрматов ва ўзбек футболидаги муаммолар ҳақида
02:22 / 14.05.2021