16:10 / 22.10.2018
41329

«СЭСданмиз, тараканга қарши дори сотиб олинг!»

Узоқ кутилган дам олиш куни эди. Узоқ кутилган режамга киришдим, куннинг қоқ ярмида ухлаш учун чўзилдим. Энди кўзим илинганда эшик дўмбирадек урилди. Ортидан қўнғироқ ҳам чалинди. Бирпас уйқусираб ётдим. Лекин қўнғироқ шунчалар шиддат билан ва устма-уст чалинардики, бориб очмасам, эшикни бузиб юборишадигандек эди гўё.

Очганимда қўшнининг ҳам эшиги тақиллатилаётганини эшитдим. Подъездда йўғонгина бир аёл пакет билан бирга бир тўда қоғоз ушлаб турарди. Опа салом-аликни ҳам йиғиштириб, мақсадга ўтди:

– СЭСданмиз, ҳозир таракан (суварак десам тушунмайди деб ўйлади шекилли) кўпайиб кетган. Биз дори тарқатиб юрибмиз. Нархи 20 минг. Олишингиз керак.

Опа кичкина шишачадаги кўкимтир суюқликни силкиганича қўлидаги қоғозларни тутқазди:

– Мана ҳамма ҳужжатлар. Бўлақолинг, шошиб турибмиз.

– Қайси ташкилотданмиз дедингиз?

– Шаҳар СЭСиданмиз.

– Қўнғироқ қилсам бўладими ишхонангизга, рақамини бера оласизми?

– Бугун дам олиш куни, ишхонада ҳеч ким йўқ. Дорини олинг, кейин телефон қилаверасиз.

– Бу дорингизга ишонч борми?

– Ана, сертификати турибдику.

– Мен ишхонангиздан аниқлайман аввал. Ҳозир, телефонимни олай.

Опа мендан пул чиқишига кўзи етмади шекилли, қоғозни ташлаганича шарт ортига бурилди.

У кетгач, қоғозга тикилдим. Ксеронусханинг кесеронусхасининг ксеронусхаларидан бири бўлган бу қоғозда ҳатто ёш бола ҳам топа оладиган номувофиқликлар жуда кўп эди.

Аввало қайсидир бир сертификат устидан компьютерда қўпол тарзда ишлов берилган.

Ишлаб чиқарувчи сифатида «Байер» компанияси кўрсатилгани ҳолда компания жойлашган давлат дея Япония кўрсатилган (Маълумот ўрнида: «Байер» Германияда жойлашган).

Алламбало сертификатнинг ўртасида катта қилиб «Инфекциалист» деб ёзилган ва бу «инфекционист» деган сўзнинг янги муқобили бўлса керак.

Шунингдек, «Ёш болалар ва одамларга таъсир қилмайди» деб ёзганлар ёш болалар одамлар қаторига кирмайди, деб ўйлашса керак.

Сертификатнинг қуйи қисмига «тараканов, клопов, блохов и др. паразитов» деб ёзилган.

Бундай «мўъжизавий препарат»ни сотувчилар ҳақида маълумот олиш учун Тошкент шаҳри давлат санитария-эпидемиология назорати марказига мурожаат қилдик. Марказнинг дезинфекция бўлими мудири Мақсуд Маҳмудов қуйидагича изоҳ берди:

– Буларнинг ҳаммаси қаллоблик. Тошкент шаҳри давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг бу одамларга мутлақо алоқаси йўқ. Сабаби, айнан биз инсон саломатлигига хавф солувчи юқумли касалликларга қарши дезинфекция билан шуғулланамиз. Зараркунандаларга қарши курашиш – дезинсекция бўлиб, у ҳам анча мураккаб жараён ва уйма-уй юриб, дори сотиш билан амалга оширилмайди. Бундай сотувчиларни дарҳол ушлаб ички ишларга топшириш лозим. Қалбаки сертификат билан ветеринарияда ишлатиладиган зарарли препаратларни сотиб юришибди.

– Марказ уларга қарши бирор чора кўряптими?

– Албатта. Бундай ҳолатлар Тошкент шаҳрининг бир неча туманида ва ҳатто вилоятларда ҳам кузатилди. Ички ишлар томонидан бир нечта иш терговга қилинди ва қаллоблар жазога тортилди. Аҳоли орасида ҳам тушунтириш ишлари олиб боряпмиз. Лекин барибир содда одамларимиз харид қилишда давом этишяпти.

Ўзи умуман барча зараркунандаларга қарши универсал восита бор-йўқлиги билан қизиқдик.

Темур Мухторов, дезинсекция мутахассиси: 

«Байер» компанияси Германияда жойлашган, Хитойда ҳам йирик ишлаб чиқариш қувватига эга, лекин Японияга алоқаси йўқ. Бундай сотувчилар тўғрисида жуда кўп эшитяпмиз. Бир нарсани тўғри тушуниш лозим, барча зараркунандаларга қарши универсал ва самарали таъсир кўрсатувчи ягона дори йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Тўғри, мижоз талабига кўра бир нечта воситани бирданига ишлатишимиз мумкин, аммо кичкина бир шишачадаги озгина суюқлик ҳамма зараркунандаларга қарши таъсир қилиши ақлга сиғмайди.

Масалан, сўнгги йилларда қандалаларнинг (клопа) дориларга чидамли турлари пайдо бўляпти, сувараклар аллақачон ўрганиб улгуришган. Уларга қарши воситалар мунтазам такомиллаштириб борилади. Бу сотувчиларнинг қўлидаги суюқлик улгуржи бозорларда 800 сўмдан сотилади ва одатда ўсимликларга ишлов бериш учун ишлатилади. Қаллоблар уни 15-20 мингдан сотишяпти».

Кўриниб турибдики, бундай ҳаракат қаллобликдан ўзга нарса эмас. Бу ерда бир нечта қонунбузарликлар яққол кўриниб турибди. Рухсатсиз хизмат кўрсатиш, зарур ҳужжатларга эга бўлмаган ва зарарли воситаларни пуллаш, пулларни табиийки кирим қилмаслик, ҳужжатларни қалбакилаштириш шулар жумласидандир.

Албатта, кўпчилик буни тушунади. Аммо пойтахтда ва йирик шаҳарларда минглаб кўп қаватли уйлар, биргина кўп қаватли уйда юзлаб хонадонлар бор. Кўпчилик зараркунандалардан азият чекади. Қаллобларнинг деярли мажбурлаб сотишида уларда яшовчиларнинг арзимасдек туюладиган ўн фоизи харид қилса ҳам жуда катта маблағ ўзлаштирилаётгани маълум бўлади. Бу эса жуда жиддий масала.

Аброр Зоҳидов

Top