19:58 / 22.10.2018
9167

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи энг фаол ва ташаббускор ёшларни мукофотлайди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи йил давомида давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фидокорона меҳнат қилаётган, соҳа ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган, ватанпарвар ёшларни ўз мукофоти билан рағбатлантириб боради.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти 14 ёшга тўлган, 30 ёшдан ошмаган ёшларга оид давлат сиёсати, иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги, фан-таълим ва ижтимоий йўналишлар ҳамда санъат, маданият, журналистика ва спорт соҳаларида юксак натижаларга эришган фаол ва ташаббускор ёшларга турли номинациялар бўйича берилади.

Мукофотни беришда энг аввало Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятидаги фаол иштирокига, шунингдек, ёшлар фаолият кўрсатаётган соҳадан келиб чиқиб, йил давомидаги иш самарадорлиги, тизим ёки соҳани ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси, ўз соҳасига киритган инновацияси, фаолияти орқали давлат ва жамият ҳаётига келтирган амалий фойдаси, шунингдек меҳнатсеварлиги, фидойилиги, интизоми, иқтидори, жамоат ишларидаги фаоллиги, давлат ва халқаро миқёсда эришган ютуқлари соҳа вакиллари, кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилганига эътибор қаратилади.

Мукофот Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда мамлакат ривожи йўлида жонбозлик кўрсатаётган чет эл фуқароларига берилади.

Мукофот илгари бошқа мукофотлар билан тақдирланган ёшларга ҳам берилиши мумкин.

Мукофотга номзодлар вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, жамоат бирлашмалари томонидан кўрсатилади, тавсияномалар ҳамда номзод фаолиятига оид ҳужжатлар тақдим этилади.

Мукофотга талабгорлар бўйича тавсияномалар қабул қилиш бошланиши тўғрисидаги билдириш мукофотлар бериладиган муддатдан икки ой олдин республика оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ҳамда ҳужжатлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан бир ой давомида қабул қилинади.

Мукофот совриндорларига Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида пул мукофоти, статуэтка ва махсус диплом топширилади.

Мукофот совриндорлари ҳар йили декабрь ойида тантанали равишда тақдирланади. Мукофотга номзодларнинг ҳужжатлари 2018 йилнинг 25 октябридан 25 ноябрига қадар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида қабул қилинади.

«Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти» тўғрисида янги таҳрирдаги НИЗОМни қуйидаги ҳавола орқали юклаб олиш мумкин.

Top