Тошкент вилоятида энг кўп кўрилган суд ишлари маълум бўлди
25 октябрь куни пойтахтдаги Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг мажлислар залида брифинг бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда вилоятнинг Жиноят ва Фуқаролик ишлари, Маъмурий ва Иқтисодий ишлари бўйича судлар раислари томонидан жорий йилнинг тўққиз ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Маълумотларга кўра, 2018 йилда 7443 нафар шахсга нисбатан 5676 та жиноят иши кўриб чиқилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан ишлар сони 1889 тага, шахслар сони 2580 нафарга камайганини билдиради. Судланган шахсларнинг 527 нафарини аёллар, 102 нафарини вояга етмаган шахслар ташкил этган.
2017 йилнинг 9 ойлигига нисбатан бу йилги битимлар билан боғлиқ низолар 657 тага (шундан қарз ва кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низолар 706 тага) кўпайган.
Шу билан бирга меҳнат вазифасини бажаришда ходимлар томонидан етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги ишлар 5 тага, алимент ундириш ҳақидаги ишлар 185 тага, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар 394 тага, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш ҳақидаги ишлар 807 тага, шикоят тартибида кўриладиган ишлар 1150 тага камайган.
2018 йилнинг 9 ойи мобайнида вилоят судларига никоҳдан ажратиш ҳақида жами 5743 та иш келиб тушган. Шундан 3682 таси тамомлангани, никоҳдан ажратиш ҳақидаги жами тамомланган ишларнинг 3170 таси бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилгани, шундан 2036 та даъволар қаноатлантирилиб, 1134 таси қаноатлантиришдан рад этилгани, 283 та фуқаролик ишлари бўйича эр-хотин ярашганлиги билдирилди.
2018 йилнинг 9 ойи давомида айрим тоифадаги ҳуқуқбузарликларнинг ортиши ва камайиши динамикасига кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши, жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келишига оид ишлар 4,3 фоизга, енгил тан жароҳати етказишга оид ишлар 10 фоизга, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланишга оид ишлар 21, 6 фоизга ошган. Майда безорликка оид ишлар 6,2 фоизга, солиқ солинадиган объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёки касса операцияларини юритиш тартиби, шунингдек, тўлов интизомини бузишга оид ишлар 12 фоиз, транспорт воситасини маст ҳолда бошқаришга оид ишлар 46,7 фоиз, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юборишига оид ишлар 65 фоизга камайган.
Судлар раислари ўз баёнотлари якунида, суд фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш баробарида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида ҳам алоҳида тўхталиб, ушбу тарғибот ишларини ОАВ билан ҳамкорликда амалга ошириб келаётганликларини маълум қилишди.
Кейинги брифинг 2019 йилнинг январь ойида ўтказилиши режалаштирилди.
Мавзуга оид
13:38 / 08.11.2024
Миср Тошкент вилоятида кўчмас мулк соҳасига инвестиция киритмоқчи
21:15 / 07.11.2024
Тошкент вилоятида иситиш мавсуми 8 ноябрдан бошланади
11:53 / 06.11.2024
Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди
22:14 / 05.11.2024