Ўзбекистон | 10:30 / 28.10.2018
7583
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Украина билан тўғридан-тўғри авиақатновни тикламоқчи

Ўзбекистон ва Украина 2019 йилнинг сентябридан тўғридан-тўғри авиақатновни тиклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Абдуалиев «Интерфакс»га берган интервьюсида айтиб ўтган.

«Бу савол кун тартибига чиққан, катта эҳтимол билан 2019 йилнинг сентябрида парвозларни бошлаймиз. Аввалига бу масалалар икки мамлакатнинг авиацияси вакиллари ўртасида муҳокама қилинади», деган у авиақатнов тикланиши эҳтимоли бўйича саволга.

Элчининг айтишича, 2018 йилнинг биринчи ярим йилида Ўзбекистонга 6620 нафар украиналик ташриф буюрган. Улардан бир қисми қариндошларини зиёрат қилиш учун, яна бир қисми бизнес бўйича келган.

Элчихона шунингдек, «бизнес+туризм» бўйича ўз дастурига эга. «Элчихонамиз орқали кўплаб украиналиклар Ўзбекистонга боришади. Улар бизнес бўйича ишларини ҳал қилишганларидан кейин ўзбекона меҳмондўстлигимиздан баҳраманд бўлишади», дея қайд этган у.

«Ўзбекистон фуқаролари ҳам дам олиш учун Трускавецга тез-тез келишади, Киев ҳам чиройли шаҳар. Ҳозир аниқ рақамларни айта олмайман. Энг яхши йилларда Трускавецга Ўзбекистондан 12-13 минг киши келган. Туризм ривожланиши учун тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши керак», деган Абдуалиев.

У ҳозирда ўзбекистонликлар Украинага Минск, Истанбул, Остона ва Олмаота каби шаҳарлар орқали парвоз қилаётганини айтиб ўтган. У кейинги йилда Ўзбекистон Украина билан тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйишига ва бу қадам барчага яхши бўлишига умид билдирган.

Мавзуга оид