Жаҳон | 14:29
846
4 дақиқада ўқилади

Зеленский АҚШ билан бўлажак музокараларнинг асосий мавзуларини айтди

АҚШ билан музокараларда Украина делегациясининг асосий вазифаси Россия иштирокидаги келажакдаги уч томонлама учрашувга тайёргарлик кўриш бўлади. Бундан ташқари, Украина учун қурол харид қилиш, дронлар бўйича битим ва хавфсизлик кафолатлари ҳам муҳокама қилинади.

Фото: REUTERS

21 март, шанба кунига режалаштирилган Америка томони билан учрашув чоғида Украина делегациясининг бош вазифаси Россия делегацияси иштирокида урушни эҳтимолий якунлаш бўйича келажакдаги уч томонлама музокараларга тайёргарлик кўриш бўлади. Бу ҳақда 20 март, жума куни Украина президенти Володимир Зеленский журналистларга маълум қилди.

“Уларнинг асосий вазифаси — уч томонлама учрашувларни давом эттиришнинг аниқ параметрларини белгилаш. Иккинчиси — тегишли учрашувларга тайёргарлик, ҳужжатларни тайёр ҳолга келтириш”, — деди у. Зеленскийнинг таъкидлашича, АҚШ, Украина ва Россия иштирокидаги музокараларни давом эттириш Эрондаги уруш сабаб бир неча бор кечиктирилган, Украина эса уларни қайта тиклашга интилмоқда ва аниқ саналарни олишга умид қилмоқда.

“Кўпроқ аниқлик истаймиз”, — дея таъкидлади Украина президенти.

Украина делегациясининг АҚШга ташрифи давомида Америка томони билан PURL (Prioritised Ukraine Requirements List — “Украина учун устувор сўровлар рўйхати”) дастурини давом эттириш масаласи ҳам муҳокама қилинади. Ушбу дастур доирасида НАТО бўйича ҳамкорлар Украина эҳтиёжлари учун Америкада ишлаб чиқарилган қуролларни, жумладан Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталарни сотиб олади.

Бундан ташқари, Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина делегацияси америкаликлар билан “дронлар бўйича битим” деб аталувчи таклифни ҳам муҳокама қилади. Бу — Киевнинг АҚШ билан шундай келишув тузиш таклифики, унга кўра Украина Вашингтон билан жанг шароитида синовдан ўтган дронларга қарши ҳимоя технологияси билан ўртоқлашиши, бунинг эвазига эса молиялаштириш ва баллистик ракеталардан ҳимоя қилиш учун етишмаётган тизимларни олиши мумкин бўлади.

Зеленскийнинг фикрича, Киев Вашингтон билан мулоқотни “яқин форматда давом эттириши” зарур, жумладан АҚШ маъмуриятининг Россия нефтидан санкцияларни олиб ташлаш ҳақидаги яқиндаги қарори фонида ҳам.

“Буларнинг барчаси биз учун хавф-хатар. Буларнинг ҳаммаси Россия учун кўпроқ пул, кейин эса фронтда уларнинг имкониятлари кенгайиши дегани. Бу хавфли, ва менимча, шу нуқтаи назардан ҳам бизнинг учрашувимиз муҳим”, — деди у.

Украина етакчисининг айтишича, музокараларда урушни келажакда якунлаш бўйича икки томонлама ҳужжатлар устидаги иш ҳам давом этади, жумладан хавфсизлик кафолатлари ва Украина тикланишига оид масалалар бўйича.

Бир кун олдин Володимир Зеленский Россиянинг Украинага қарши урушига якун ясаш бўйича музокараларнинг навбатдаги босқичини эълон қилган эди, бироқ бу музокаралар Россия томони вакилларисиз ўтиши айтилган.

13 март куни Украина президенти Украина, АҚШ ва Россия иштирокидаги кейинги уч томонлама музокараларнинг санаси ва ўтказилиш жойи бўйича Вашингтон ҳамда Москвада турли позициялар мавжудлигини маълум қилган эди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина делегацияси Майами ёки Вашингтонга учиб боришга тайёр бўлган, аммо Россия томони бунга рози бўлмай, Туркия ёки Швейцарияни таклиф қилган. Аммо бу вариантлар ҳам америкаликлар томонидан хавфсизлик сабаблари билан рад этилган, чунки улар АҚШдан чиқишни истамаяпти.

Россиянинг Украинага қарши урушига эҳтимолий якун ясаш бўйича уч томонлама форматдаги музокаралар сўнгги ойларда бир неча бор ўтказилди. Бироқ шу пайтгача ушбу учрашувлар давомида тинчликка эришиш йўлида сезиларли тараққиётга эришилмади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид