Ўзбекистон | 22:12 / 28.10.2018
26162
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Умра сафарига жўнаб кетди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ишлаб чиқилган қарори лойиҳаси билан жорий йилдан бошлаб Умра мавсуми йил давомида ташкил этилиши Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ҳаж ва Умра сафари тўғрисида”ги брифинг давомида эълон қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Илгари муайян сондаги зиёратчиларгина Умра сафарига бора олган бўлса бўлса, энди Ўзбекистонда Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича чекловлар олиб ташлангани ҳақида ўша брифингда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раис ўринбосари Нуриймон Абдулҳасан Kun.uz мухбирига маълум қилгани ёзилган эди.

Шу пайтга қадар ҳар йили 5 минг нафар ўзбекистонлик зиёратчилар ҳаж сафарига ва 6 минги умра зиёратларига юборилган. Ўзбекистон мустақилликка эришгунча, яъни 1943 – 1991 йилларда бор-йўғи 140 нафарга яқин юртдошимиз ҳаж сафарига бориш бахтига мушарраф бўлган.

2019 йилдан бошлаб йилига минг минглаб ватандошимиз умра амалларини бажариш имконига эга бўлади.

Тошкент халқаро аэропортида бўлиб ўтган, илк Умра зиёратчиларини Саудия Арабистонига кузатишга бағишланган маросимда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абдулҳасан чиқиш қилди.

Бошланган Умра мавсумини юқори савияда ташкил этиш учун барча чора-тадбирлар кўрилди, — деди ўз сўзида Н.Абдулҳасан. — Зиёратчилар учун қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, ҳаж ва умра амалларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш ишлари мувофиқлаштириб борилаётгани қайд этилди.

Ҳаж ибодатларини тўла-тўкис адо этиш, бу борадаги тартиб-қоидалар, шунингдек, сафар талаблари хусусида тушунтириш бериш мақсадида жойларда зиёратчилар гуруҳлари учун сафаролди учрашувлари ташкил этилгани эътироф этилди.

Саудия Арабистонига учаётган ўзбекистонлик зиёратчилар аввало Мадина шаҳридаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилганидан сўнг Макка шаҳрига йўл олишади. Зиёратчилар учун мавсум давомида 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар, ошхона ва транспорт хизматлари юқори савияда ташкил этилади.

Ўз мухбиримиз

Мавзуга оид