Ўзбекистон | 17:00 / 29.10.2018
3972
2 дақиқада ўқилади

Облигацияларни банклар ўртасида жойлаштириш аукцион орқали амалга оширилади

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки облигацияларининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Марказий банк облигациялари бу – облигация эгасига белгиланган муддатда фоиз ҳисобида купонли даромад олиш ҳуқуқини берувчи электрон шаклда чиқариладиган эмиссиявий қимматли қоғозлар эканлиги белгиланди.

Низомга кўра облигациялар кредитлар учун гаров таъминоти ва РЕПО (облигацияларни белгиланган муддат ва нархда қайта сотиб олиш мажбурияти билан сотиш бўйича икки томонлама ҳаракат) битимларида олди-сотди объекти бўлиши мумкин.

Облигациялар чиқарилиши алоҳида эмиссия тарзида амалга оширилади. Ҳар бир чиқарилган эмиссияга ўн белгили разряддан (X1X2X3X4X5X6X7X8X9X10) иборат идентификацион рақам берилади ва Глобал сертификат билан расмийлаштирилади.

Биринчи разряд (X1) – “2” рақами қимматли қоғознинг турини кўрсатади.

Иккинчи разряд (Х2) - қимматли коғознинг муомала даврини кўрсатади:

• “1” - уч ой муддатга;
• “2” - олти ой муддатга;
• “3” - тўккиз ой муддатга;
• “4” - ўн икки ой муддатга муомалада бўлган облигациялар учун.

Облигацияларни тижорат банклари ўртасида жойлаштириш аукцион савдолари орқали амалга оширилади.

Аукцион савдолари икки хил усулда ўтказилади:

• “америкача” усул - рақобатли буюртмалар уларда таклиф этилган фоиз ставкалари бўйича қондирилади;
• “голландча” усул - рақобатли буюртмалар чегириш фоиз ставкаси бўйича қондирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид