Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
450 млн долларлик рекорд: аукционлардаги энг қиммат 20 та санъат асари
Ҳар йили коллекционерлар ва санъат муассасалари аукционларда юзлаб миллион доллар сарфлаб, нодир шедеврларни сотиб олади. Бу шов-шувли битимлар асарларнинг маданий аҳамиятинигина эмас, балки санъатнинг мақом рамзи, мерос ва молиявий инвестиция сифатида ўйнайдиган муҳим ролини ҳам акс эттиради.
Юқорида келтирилган рўйхат аукционларда ҳозиргача сотилган энг қиммат 20 та санъат асарини рейтинг тарзида жойлайди. Маълумотлар ARTnews ахборотига асосланган. Рейтинг пешқадамлари орасида айрим позициялар алоҳида ажралиб туради: Леонардо да Винчига тегишли «Олам қутқарувчиси» (Salvator Mundi) асари 450 миллион долларлик рекорд нархи билан қолган барча ишлардан анча илгарилаб кетган. Густав Климтнинг 1914 йилда яратилган портрети эса бу йил Sotheby’s аукционида 236 миллион доллардан ортиқ суммага сотилди. Шу билан бирга, Пабло Пикассонинг учта картинаси топ-20 таликка киргани унинг санъат оламидаги ўзгармас таъсири ва устун мавқеини кўрсатади.
Аукцион санъат бозоридаги астрономик нархлар, одатда, бир неча омилнинг уйғунлашуви билан изоҳланади: асарнинг нодирлиги, келиб чиқиши ва эгалик тарихи (provenance), маданий таъсири, шунингдек рассомнинг обрў-эътибори. Машҳурлик янада кўпроқ машҳурликни туғдиради — харидорлар катта тарихий аҳамиятга эга ишлар ёки илгари нуфузли коллекцияларда сақланган асарлар учун қўшимча “устама” тўлашга тайёр бўлади.
Бойлар тобора кўпроқ санъат асарларини фақат иштиёқ ва эстетик завқ объекти сифатида эмас, балки узоқ муддатли сармоя киритиш воситаси ва ижтимоий мақом кўрсаткичи сифатида ҳам кўра бошлаяпти. Шу сабабли энг орзу қилинган асарлар — Климт, Уорхол ёки Моне ишлари кабилар — тўққиз хонали (юз миллионлаб) суммаларга етиб боради.
Sotheby’s, Christie’s ва Phillips каби аукцион уйлари рекорд сотувлар туфайли мунтазам равишда янгиликлар сарлавҳаларига чиқса-да, барча қимматбаҳо санъат асарлари ҳам оммавий савдоларда сотилмайди. Кўплаб битимлар дилерлар ва арт-брокерлар орқали хусусий тартибда амалга оширилади — кўпинча махфийликни сақлаш ёки юқори аукцион комиссияларидан қочиш учун.
Сўнгги йилларда аукционларда замонавий ва энг янги санъат асарларига қизиқиш сезиларли ошди. Хусусан, Жан-Мишел Баския ва Энди Уорхол ишларига талаб кучайгани коллекционерлар муҳитида устуворликлар ўзгариб бораётганини кўрсатади.
Йигирмата энг қиммат санъат асари ичида фақат биттаси — Алберто Жакометтининг «Кўрсатувчи одам» (L’Homme au doigt) асари ҳайкал (скулптура) ҳисобланади. Бу бозордаги кенгроқ трендни таъкидлайди: айнан рассомлик қиймат бўйича етакчи ўринларни барқарор ушлаб турибди.
Экспозиция қилишнинг қулайлиги, кўп асрлик бадиий анъана ва универсал эстетик жозиба каби омиллар унинг арт-бозорда узоқ муддатли устунлигини таъминлаб келмоқда.
Мавзуга оид
18:39 / 05.12.2025
Кимошди савдосида энг қиммат нархда сотилган автомобил маълум бўлди
14:56 / 29.10.2025
Асакабанкнинг Тошкентдаги биноси 187,7 миллиард сўмга сотилди
17:03 / 28.10.2025
Ўзбекистонга “бегона” машина – қаровсиз қолдирилган Nissanʼнинг саргузаштлари
10:38 / 15.10.2025