«Ўзбекистон-Россия ёшлари форуми» биринчи куни қандай ўтди?
Жорий йилнинг 18-19 октябрь кунлари Россия Федерацияси президенти Ўзбекистон Республикасида давлат ташрифи билан бўлди. Ташриф давомида икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган ўзаро манфаатли келишувлар мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорлик алоқаларининг янада мустаҳкамланишига замин яратди. Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Россия ёшлар иттифоқи ўртасидаги муносабатларда ҳам ўз ижобий натижаларини кўрсатмоқда.
Муносабатларнинг узвийлигини таъминлаш, ёшлар ўртасида ўзаро дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида 28 октябрь куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон - Россия ёшлар фестивали” бошланди.
1 ноябрга қадар Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида давом этадиган мазкур тадбирга Россия Федерациясидан 82 кишилик делегация ташриф буюрди.
Ташрифнинг дастлабки куни фестивалнинг расмий очилиш маросими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбариятининг делегация таркибидаги расмий доира вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Шундан сўнг, меҳмонлар Тошкент шаҳри бўйлаб экскурсия, жумладан, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ҳазрати Имом мажмуасига саёҳат қилишди.
“Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантирувчи экосистемамиз билан бўлишмоқчимиз”
— Бизда 2016 йилда Қозон Федерал университети битирувчилари томонидан технологик лойиҳа амалга оширилган бўлиб, бу лойиҳа 2017 йилдан бошлаб Швейцария ва Канаданинг сармоядорлари томонидан қўллаб-қувватланган. Ушбу «Говермедиа Плюс» лойиҳаси кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи бизнес ҳамжамияти экосистемаси ҳисобланади. Экосистема – барча тадбиркорлар учун ходимларни топишда, сармояларини тадбиркорликка жалб қилмоқчи бўлган ишбилармонларга кўмаклашишда, ўз лойиҳаларини рўйхатга олиш ва такомиллаштиришни истаганларга имконият яратишда таянч вазифасини бажарувчи ижтимоий тармоқдир. Биз айнан шу тажрибаларимизни сиз билан бўлишмоқчимиз, — дейди Россия делегацияси аъзоси, «Говермедиа Плюс» Халқаро компаниясининг юридик бўлими бошлиғи Регина Власова.
“Амир Темур ватанида бўлиш мен учун катта бахт”
— Ўзбекистонга илк ташрифимдан, ушбу форумдаги иштирокимдан мамнунман. Амир Темурнинг ватани бўлмиш бой тарихга эга мамлакатда бўлиш мен учун катта бахтдир. Бу мамлакатни биринчи нафасимдаёқ ёқтирдим. Фестивалнинг энг катта истиқболи, албатта, икки давлатнинг иштирокчилари ўртасида мустаҳкам алоқаларнинг ўрнатилишидир, – дейди «Инвест Консултинг Реалтй» МЧЖ бош директорининг ўринбосари, бизнес-психологи Елена Неверт. — Умид қиламанки, фестиваль нафақат дўстона муносабатларни ривожлантиришга, балки тадбиркорлик соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга ҳам ёрдам беради. Янги лойиҳалар, амалга оширилиши режалаштирилаётган ғоялар мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ йиллик ҳамкорликка йўл очади.
Фестиваль давом этади...
Фестивалнинг очилиш маросимида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев ва Россия ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари Татьяна Селиверстова сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини қутлади. Маросим дастуридан Ўзбекистон ва Россия ёшлар иттифоқлари фаолиятига бағишланган роликлар намойиши, ёш санъат усталари ва ижодий гуруҳларнинг чиқишлари ўрин олди.
Фестивалнинг иккинчи куни “Биринчи Ўзбекистон - Россия ёшлар бизнес форуми” бўлиб ўтади.
Бундан ташқари, фестиваль дастуридан “Ўзбекистон Республикаси ҳамда Россия Федерацияси орасида туристик оқимни кенгайтиришда ёшларнинг роли” мавзусида амалий конференция, “Ёшлар медиа маконининг замонавий трендлари” мавзусида ёш журналист ва блогерлар конгресси, Ёшлар пресс-клубининг сессияси ва тарихий шаҳарларимиз — Самарқанд ва Бухорога саёҳатлар ўрин олган.
Мавзуга оид
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024
Россияда саккиз нафар генерал лавозимдан олинди — ОАВ
20:51 / 04.10.2024
Россия «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқариш бўйича ишларни якунламоқда — ФХХ раҳбари
18:42 / 04.10.2024