Light | 17:41 / 01.11.2018
13203
4 дақиқада ўқилади

Кичик зилзилалардан қандай хавф бор – мутахассис фикри

Фото: Global Look Press/Ivan Damanik

Сўнгги пайтда Ўзбекистон ва унга яқин ҳудудларда ер қимирлаши кўп кузатилмоқда. Журналистика ривожи билан ҳар қандай маълумот зум ўтмай, интернет сайтларда пайдо бўляпти. Аслида вазият қандай? Нега зилзилага хос силкинишлар сони ортмоқда? 

​Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сейсмопрогностик мониторинг республика марказининг статистик маълумотларига кўра, 2018 йил бошидан бери шу кунгача содир бўлган сезилмайдиган зилзилалар сони 108тани ташкил этган. Нисбатан юқори магнитудали зилзила шу даврда 14 маротаба бўлган. Кучли, вайронкор зилзила (6 – 9 балл) эса қайд этилмаган.

Физика-математика фанлари доктори, профессор Қаҳҳорбой Абдуллабековнинг айтишича, зилзилалар фаслларга қараб ўзгариб туради ва айни жараёнга иқлимнинг таъсири кузатилади.

«Зилзиланинг 2та тури мавжуд: майда ва кучли. Кучли зилзила мавсумий характерга эга эмас. У йилнинг исталган пайтида содир бўлиши мумкин. Иккинчи турдагиси, аксинча, фаслларга мос равишда ўзгариб туради. Баҳор-куз ойларида нисбатан кўпроқ содир бўлади, чунки ушбу даврда кескин иқлим ўзгариши кузатилиб, ёғингарчилик бўлади. Ер қатламида намлик ортади ва ерости жинсларининг ўзгариши натижасида зилзила пайдо бўлади ва табиий ҳолат деб қабул қилинади», дейди Г.Мавлонов номидаги сейсмология институти ходими Абдуллабеков.​

Минтақадаги энг катта ер силкиниши 1911 йили 5 февралда Рихтер шкаласи бўйича 9 баллни ташкил этганди. Унинг оқибатида, Мурғоб оқимини ўзгартириб, тоғ бағрида табиий кўл пайдо бўлган. Кейинчалик, бевосита Тошкент шаҳрида 1966 йили юз берган машъум табиий офат барчани ларзага солди. Тонгги соат 5.23 дақиқа ўтганда юз берган ер силкиниши оқибатида 2 миллион квадрат метр майдондаги уй-жойлар, 236та маъмурий бино, тахминан 700дан ортиқ савдо ва овқатланиш бинолари, 181та таълим муассасаси, 36 маданий бинолар, 185 тиббий муассаса ва 245та саноат корхоналари яроқсиз ҳолатга келди. Албатта, ўзбек халқи ҳар қандай кучдаги ер силкинишидан хавотирга тушиши табиий.​

Ўзбекистоннинг сейсмик харитасига эътибор берсангиз, шарқий ҳудудларда зилзила ғарбга нисбатан кучлироқ сезилади, чунки айнан шу жойларда тоғ ҳосил бўлиш жараёни кечмоқда. ​Маълумки, Ер сатҳининг ўсиши натижасида секинлик билан тоғ ҳосил бўлади. Марказий Осиёда шу ҳолат юз беряпти. 

«Ўз-ўзидан аниқ бўладики, текисликларда зилзила тоғли ҳудудларникидан 1 балл пастроқ сезилади. Ер сатҳи тоғли жойларда 1 см, текисликларда эса 3-4 мм кўтарилади. Ушбу номутаносиблик натижасида узилиш пайдо бўлади. Ер остида ёриқлар бўлади ва улар бир-бирига нисбатан сурилади. Натижада зилзила содир бўлади. Ер шари йирик плиталардан иборат ва улар ҳаракатланади. Марказий Осиёда жанубдан Ҳиндистон плитаси шимолга Евросиё плитасига қараб йилига 1 см сурилади. Оқибатда, ер сатҳи ўсиб, тоғ формацияси бошланади. Жараён давомида табиий равишда зилзила юз беради»​, дея айни ҳолатга тариф беради профессор Абдуллабеков​.

Олимнинг фикрича, қисқа ва мавсумга хос кузатилаётган зилзилалар катта ер силкинишининг кучини камайтиради. Бу ҳодиса Ер остидаги тарангликларга юмшоқлик беради. Шундай қилиб, ваҳима қилишга ўрин йўқ. Шунга қарамай, ҳеч қандай техника ер силкинишини аввалдан аниқлаш имкониятига эга эмас.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид