Марокашнинг Юқори Атлас тоғ ҳудудларида 2023 йилда содир бўлган кучли зилзилада қарийб 3 минг киши ҳалок бўлганди, орадан бир йил ўтса-да, ҳудуддаги қишлоқлар манзараси урушдан кейинги харобаларни эслатади.

Қутқарувчилар анча олдин кетиб бўлган, бироқ йўл четида ва одамлар яшайдиган чодирлар ёнида биноларнинг вайроналари уйилиб ётибди. Аҳолининг бир қисми ўз уйларини тиклаш учун ҳукуматдан ваъда қилинган маблағни, бошқалари эса янги уйлар лойиҳаси тасдиқланишини кутмоқда.

2023—2024 йиллар. Марокаш шаҳри яқинидаги Ими Н’тала қишлоғидаги зилзила акси.

Зилзиладан вайрон бўлган минтақада Ими Н’тала сингари кўплаб қашшоқ қишлоқлар бор, уларга фақат нотекис йўллар орқали бориш мумкин.

Баъзи жойларда аҳоли ҳукумат рухсатини кутмай, ўз уйларини қайта қуришни бошлаб юборди. Бошқа қишлоқларда эса пластик чодирларнинг дим ҳавосидан безор бўлган одамлар ё вайрон бўлган уйларига қайтган, ё эски турмуш тарзини ташлаб, катта шаҳарларга кўчиб кетган.

Провинциянинг баъзи йирик шаҳарларида ҳаёт бир маромга қайтмоқда: йўллар, уйлар, мактаблар ва корхоналарни тиклаш ишлари олиб бориляпти, баъзи аҳоли вакилларига металл контейнерлардан ясалган уйлар берилмоқда. Аммо зилзиладан вайрон бўлган 55 000 та уй эгаларининг аксарияти ҳамон чодирларда яшашга мажбур қолмоқда. Бундай бошпаналар ёзги жазирама ва қишки совуққа чидамсиз.

Ўтган йилги зилзилада ўғлини йўқотган 69 ёшли нафақахўр Муҳаммад Сумер турмуш тарзи ҳақида журналистларга ҳикоя қилди. Маҳаллий ҳокимият унга хавфсизлик сабабларига кўра, тоғнинг тик ён бағридаги эски уйини тиклашга рухсат бермаган. Ҳозирда у рафиқаси билан вайрон бўлган уйи ёнидаги чодирда кун кечиряпти. Улар бошқа жойга кўчиб, кенгроқ ва қимматроқ ҳудудда янги ҳаёт бошлашдан қўрқмоқда.

“Одамлар қолишни хоҳлайди, чунки бу ерда тирикчилик учун сабзавот етиштирадиган ерлар бор”, — деб таъкидлади у.

Зилзиладан сўнг ҳукумат оилаларга ойлик нафақа ва уйларини зилзилага бардош берадиган қилиб қайта қуриш учун қўшимча маблағ ажратишини маълум қилганди. Бироқ аҳоли вакилларининг айтишича, маблағлар бирдек тақсимланмаяпти: ҳалигача кўпчилик пул ёки уйларини тиклаш ишлари бошланишини кутмоқда.