Жаҳон | 15:14 / 02.11.2018
16441
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев МДҲ ҳукумат раҳбарлари билан учрашди

2 ноябрь куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ҳукумат раҳбарлари билан учрашди.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Учрашувда Қозоғистон бош вазири Бакитжан Сагинтаев, Озарбайжон - Н.Мамедов, Беларусь - С.Румас, Қирғизистон - Мухамметкалий Абилғозиев, Тожикистон - Қоҳир Расулзода, Ўзбекистон - Абдулла Арипов, Россия - Дмитрий Медведев, Арманистон бош вазири биринчи ўринбосари - А.Мирзоян, Туркманистон вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари - Г.Мурадов, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев иштирок этди.

Оқўрда матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари МДҲга аъзо мамлакатлар ҳукумат раҳбарларини қутлаб, ўтказилаётган Кенгаш йиғилиши Ҳамдўстлик давлатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

«Сизлар бугун Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этасизлар. Йиғилиш кун тартибига 15та амалий масалалар киритилган. Ишончим комилки, ушбу тадбир ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади», - деди у.

Н.Назарбоев МДҲ давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

«Чорак асрдан кўпроқ вақт мобайнида МДҲ халқларимиз ўртасидаги тарихий алоқаларни сақлаб қолишга имкон яратиб, ҳар бир давлат суверенитетини мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшган тўлақонли ташкилотга айланди. Бугун Ҳамдўстлик доирасида ҳамкорлик янада кенгайди. МДҲ ичидаги ўзаро савдо ўсишда давом этмоқда. Ўтган йили товар айланмаси ҳажми 164 миллиард АҚШ долларини ташкил этди, бу кўрсаткич 25 фоизга ўсди. Шу каби тенденция жорий йилда ҳам давом этмоқда», - дея маълум қилди президент.

Учрашув давомида Қозоғистон бош вазири Бакитжан Сагинтаев ва Россия ҳукумати раҳбари Дмитрий Медведев ҳам сўзга чиққан.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдулла Арипов Остонага бориши хабар қилинганди.

Мавзуга оид