Жаҳон | 18:24 / 03.11.2018
12897
2 дақиқада ўқилади

Британиядаги мактабда ёши 30да эканлиги айтилган ўқувчига нисбатан текширув бошланди  

Иппсвич шаҳридаги Stoke High мактабида 15 ёшли болалар билан ўқиётган «30 ёшли ўқувчи» ҳақидаги шикоятлардан сўнг текширув бошланди. Ipswich Star нашрининг ёзишича, у Эрондан келган бўлиб, бошпана ва таълим олиш учун ёши ҳақида ёлғон маълумот берган.

Фото: Twitter

Исми ошкор қилинмаётган эркак мактабга ушбу ўқув йилида келган. Орадан икки ой ўтгач, синфдошлари «30 ёшли одам бизнинг синфимизда қандай пайдо бўлди?» деган ёзув билан унинг фотосуратларини ижтимоий тармоқларга жойлаштиришган.  

Унинг ҳақиқий ёши ҳақидаги қарашлар ҳам турлича. Айрим ўқувчилар Би-би-си билан суҳбатда эронликни 30 ёшли деб унинг устидан шунчаки кулишганини айтишган. Аммо ота-оналар агар «қари ўқувчи» ўзининг ҳақиқий ёшини айтмаса, болаларини мактабдан чиқариб олишларини айтишган.

Британия ҳукумати мазкур ҳолатга аниқлик киритишга ваъда берган.

Британия қонунларига кўра, мамлакатдан бошпана сўраган шахслар ўз ёшларини тасдиқлашлари шарт. Аммо аксарият қочоқлар ҳужжатсиз бўлгани учун уларнинг ёшига махсус хизматлар томонидан баҳо берилади. Ёши 18дан кичик эканлигини тасдиқлай олганлар мактабларга жўнатилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид