Жаҳон | 11:37 / 04.11.2018
14843
3 дақиқада ўқилади

Журналистлар Тереза Мэй ва ЕИ ўртасидаги Brexit бўйича махфий келишувдан хабар топишди

Фото: Globallookpress

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй европалик музокарачилар билан Британия Европа Иттифоқидан чиқишида ён берилишига эришган. Унга кўра, Буюк Британия ташкилотдан чиқса ҳам, Божхона иттифоқида қолади. Бу ҳақда The Times юқори доиралардаги манбасига асосланган ҳолда хабар тарқатган.

Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши ҳақидаги ҳужжатда Британиянинг Божхона иттифоқидаги аъзолигини сақлаб қолиш бўйича келишув қўшилган, Лондон келишувдан чиқиш ихтиёрини сақлаб қолган. Шу тариқа, Мэй хоним евроскептикларни Британия Божхона иттифоқида узоқ муддат қолмаслигига ишонтирмоқчи бўлган.

Бундан ташқари, газета маълумотига кўра, Тереза Мэй Брюссель билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича келишувга эришиши мумкин. Унга кўра, Британия ЕИ билан худди Канада каби очиқ савдони сақлаб қолиши мумкин бўлади.

Қайд этилишича, Brexit бўйича музокаралар жараёни фаоллашган. Якуний ҳужжат 50 саҳифадан ортиқроқ ҳажмда бўлиши кутилмоқда.

Британиянинг Божхона иттифоқида қолиши Шимолий Ирландия ва Ирландия Республикаси билан чегаралар ўрнатилишидан сақланиш имконини беради. 

Музокаралардаги энг баҳсли мавзу Ирландия Республикаси (Евроиттифоқ аъзоси) ва Шимолий Ирландия ўртасидаги чегара бўлиб қолмоқда. Бир оролнинг икки қисми ўртасида тўсиқ бўлмаслиги 1998 йилги келишув шарти ҳисобланади. Лондон ҳам, Брюссель ҳам чегара шаффофлигича қолиши тарафдори. Аммо томонлар бунга қандай эришиш мумкинлиги борасида келиша олишмаяпти. Бош вазир Тереза Мэйнинг ҳозирги режасида Британиянинг Европа ягона бозори (ЕЯБ) ва ЕИ Божхона иттифоқидан чиқишини ҳам кўзда тутади. Мамлакат ЕИдан мустақил савдо сиёсати олиб бориши ва учинчи давлатлар билан келишувлар тузиши учун Британия бу институтлардан чиқиши зарур. 

Евроиттифоқ Шимолий Ирландия вақтинча ЕЯБ ва Божхона иттифоқи аъзоси бўлиб қолишини таклиф қилмоқда. Аммо Мэй хонимнинг фикрича, бундай қадам конституцион тузумни парчалаш ва мамлакат ҳудудий яхлитлиги бузилишига олиб келиши мумкин. Бунга Шимолий Ирландиянинг Демократик юниончилар партияси ҳам қаршилик қилмоқда. Ушбу партия аъзолари ЕИдан фақат умумий шартлар асосида чиқиш тарафдори.  

Чегарада назорат-ўтказиш пунктлари ва чегарачиларнинг пайдо бўлиши эса бир-бири билан ҳамкорлик қиладиган икки Ирландиянинг фуқаролари ва бизнесига қийинчилик туғдиради.

Аввалроқ The Times Тереза Мэй Брюссель билан Британия компаниялари Brexit’дан кейин ҳам Европа бозорларида ишлаш учун имконият сақлаб қолгани бўйича келишувга эришгани тўғрисида ёзганди.

Айни вақтда Тереза Мэй офиси The Times мақоласига муносабат билдирган.

«Бунинг барчаси спекуляция. Бош вазир аниқ тушунтириш берди, биз келгусидаги муносабатлар бўйича яхши йўлда кетмоқдамиз ва келишув 95 фоизга ҳал бўлган», — дея Британия ҳукумати вакили сўзларини келтирган Reuters.

Brexit 2019 йилнинг 29 мартига белгиланган, кейин ўтиш жараёни бошланади ва 2020 йилга қадар давом этади.

Мавзуга оид