Жамият | 16:39 / 05.11.2018
16572
3 дақиқада ўқилади

Жарқўрғонлик аёл чақалоғини 7,5 млн сўмга сотмоқчи бўлди

Иллюстратив фото

Наргиза (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Баҳодир билан тасодифан танишиб қолади. Бу танишув уларни аста-секин бир-бирига яқинлаштиради. Орадан икки ой ўтгач, Наргиза ўзининг ҳомиладор бўлиб қолганини сезиб қолди. Баҳодир эса, аввалига тез орада уйланишга уни ишонтириб, қоп-қоп ваъдалар беради, аммо Наргизанинг ой-куни яқинлашгач, қорасини ҳам кўрсатмай қўяди.

Аросатда қолган қиз яқинлари ва маҳалла-кўй олдида иснодга қолишдан қўрқиб, қандай бўлмасин, туғилажак фарзандини йўқотиш пайида бўлади. Бу ҳақда яқин танишларидан бири Гулмирага айтади. Ўз навбатида, Гулмира бола туғилгач, уни сотишни, бунинг эвазига иккаласи ҳам мўмайгина даромадга эга бўлишини айтади. 

Шундан сўнг Гулмира тез орада чақалоққа харидор ҳам топади. Гулмира яқин қариндошларидан бири бўлган Лола исмли жувонга чақалоқ туғилгач, уни 7 миллион 500 минг сўмга сотишга ўзаро келишади.

Наргиза фарзандини ўзининг фамилиясига расмийлаштириб, туғруқхонадан чиққач, олдиндан келишилган жой — Жарқўрғон туманидаги ошхоналардан бирида "махсус харидор" Л. Шерматовага қизалоқни 7 миллион 500 минг сўмга сотиб, унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқ эканлиги ҳақида тилхат ёзиб бераётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинди.

Суд ушбу жиноят ишини батафсил ўрганиб чиқди ва Н. Боймуродованинг жиноий қилмишларини муҳокама этиб, унинг ёши ва шахсини, жиноят содир этгандан кейинги ҳулқини, аёллигини, содир этган ҳаракатларининг оқибатини тўлиқ англаб етганлиги ҳақидаги баёнотларини, оилавий ва моддий шароитини ҳамда ишдан бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам, унинг хулқини назорат қилиш мумкин, деган хулосага келди. 

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддасини қўллаб, тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосини шартли деб ҳисоблаган ҳолда икки йил синов муддати белгиланди.

Яшин НИЁЗОВ,
жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон тумани  судининг раиси.

Мавзуга оид