Ўзбекистон | 15:07 / 05.11.2018
8652
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли 13 млн кишидан 4 млн киши суғурта бадали тўлайди

Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли фуқаролардан атиги 4 млн киши суғурта бадали тўлайди. Албатта, қолган 9 млн киши ишсиз эканини англатмайди, аксинча, уларнинг кўпчилиги даромадларини ошкор қилмаслигини билдиради. Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов ОАВ вакиллари билан учрашувда шу ҳақда маълум қилди. 

Дилшод Султонов

Учрашувда иштирок этган KUN.UZ мухбирининг хабар қилишича, мазкур ҳолат меҳнатга лаёқатли, бироқ суғурта бадали тўламаётган фуқаролар пенсияга чиқишида турли тушунмовчиликлар ва муаммоларга сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланган. 

“Иш ҳақига келадиган бўлсак, бу ҳаммани қийнаб келадиган масала. Меҳнатга лаёқатли аҳоли 13 млн кишини ташкил этади. Буларга 18-60 ёшдаги эркаклар ҳамда 18-55 ёшдаги аёллар киради. 13 млн одамдан бор-йўғи 4 млн 800 киши суғурта бадалини тўлайди. Бу келгуси йигирма йилда айнан суғурта бадалини тўлаётганлар пенсияга чиқа олади, деганидир. Қолганлари-чи, деган саволга жавоб йўқ. Улар кексайганида нафақа тўлаш мумкиндир, лекин унинг миқдори барчамизга маълум. Ишлаётганлар орасида фақат бюджет ташкилотлари ходимлари эмас, хусусий секторда меҳнат қилаётганлар ҳам бор. 

Иш ҳақи жамғармасидан солиқлар ва ажратмаларни ислоҳ қилишда белгиланганидек, 12 фоиз ягона солиқ бўлади. Бугунги кунда бу борадаги рақамлар қандай? Даромад солиғи ўсиб борувчи шкала бўйича белгиланган бўлиб, иш ҳақи олаётган киши даромади миқдоридан келиб чиққан ҳолда 0, 7,5 фоиз, 16,5 фоиз, 22,5 фоизгача солиқ тўларди. Бундан ташқари, ягона ижтимоий тўлов миқдори 15-25 фоиз. Иш ҳақи жами юклама 45-53 фоизгачадир”, - деди Дилшод Султонов. 

Йиғилишда таъкидланишича, 2019 йил 1 январидан 8 фоизлик суғурта бадали ҳам бекор қилинмоқда. Катта-кичик корхоналар, давлат улуши бўлмаса, 12 фоиз ягона ижтимоий тўловни тўлайди, холос. Иш ҳақига доир қолган барча тўловлар ҳам бекор қилинади.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид