Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хелена Фрейзер: “Раҳбар аёлларнинг кўпайиши барча мамлакатлар ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади”
Бугунги кунда дунёда 5 нафар аёл - давлат раҳбари, бу умумий кўрсаткичнинг 5 фоизи демакдир. Жаҳонда бор-йўғи 16 фоиз аёл вазир фаолият юритади. Кўпинча уларга ижтимоий соҳалар, аёллар ва болалар муаммоларини ҳал қилиш каби вазифалар топширилади. KUN.UZ мухбири БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи Хелена Фрейзернинг “Мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишда аёлларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусидаги халқаро конференцияда тақдим этган маълумотларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.
“Вазирлик ва парламентлардаги аёллар сони дунёда ўртача 20 фоизни ташкил қилади. Бу ҳатто 1995 йилда Пекин платформасида белгиланган 30 фоизлик мақсадли кўрсаткичдан камдир. Ҳозирги суратларда давом этадиган бўлса, 2025 йилга бориб кўп мамлакатларда бу кўрсаткичга эришилмайди. Шунга қарамай, ишончимиз комилки, раҳбар лавозимларда аёллар ролининг кенгайиши барча мамлакатлар ривожланишга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин”, - дейди Фрейзер хоним.
Жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, аёлларнинг давлат бошқарувидаги ўрнининг ошиши қонунчиликнинг гендер омилларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилишига олиб келади. Аёлларнинг сиёсатдаги иштироки парламент дебатларида аёллар масалалари ҳам кўтарилишига замин яратади. Шу тариқа аёлларнинг давлат бошқарувидаги иштироки аёллар манфаатларининг ҳимоя қилинишига ҳамда мамлакат иқтисодиётида аёллар фаолиятини оширишда катта имкониятлар очилишига туртки беради.
“Давлат бошқарувида аёллар ролининг кенгайтирилиши барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишда асосий омил бўлиб хизмат қилади. Зеро Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2018 йилнинг 20 октябрида “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 841-сонли қарорни қабул қилди. Ҳужжатнинг 5-мақсади Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш зарурлигини кўзда тутади”, - дейди Хелена Фрейзер.

БМТ вакили ушбу тадбир бу йўналишдаги аниқ механизмларни муҳокама қилиш учун муносиб платформа бўлиб хизмат қилишига умид билдирди.
Таъкидлаш жоизки, “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 841-сонли қарор қуйидагиларни назарда тутади:
- Ҳамма жойда хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш;
- Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини, шу жумладан, одам савдоси, жинсий эксплуатация ҳамда эксплуатациянинг бошқа шаклларини тугатиш;
- Эрта никоҳлар ва зўрлаб никоҳлашни тугатиш;
- Коммунал хизматлар, инфратузилма ва ижтимоий ҳимоя тизимларини тақдим этиш орқали парваришлаш ва уй хўжалигини юритиш бўйича ҳақ тўланмайдиган меҳнатни тан олиш ва қадрлаш, миллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда оилада хўжалик юритиш учун умумий масъулият тамойилини рағбатлантириш;
- Хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча босқичларида ҳар томонлама иштирок этишларини ҳамда қарор қабул қилишда етакчилик қилишлари учун тенг имкониятларни таъминлаш;
- Репродуктив саломатликни асраш соҳасида умумқамровли тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш учун соғлиқни сақлаш хизматларидан умумий фойдаланишни таъминлаш;
- Хотин-қизларни уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширишларида қўллаб-қувватлайдиган дастурларни кенгайтириш;
- Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш мақсадида юқори самарали технологиялар, хусусан, ахборот-коммуникация технологияларидан фаолроқ фойдаланиш;
- Гендер тенглик тамойилларини бошқарувнинг турли босқичларида давлат дастурларини қабул қилиш жараёнига тўла сингдириш.