Ўзбекистон | 01:32 / 10.11.2018
10138
4 дақиқада ўқилади

Европа комиссияси Ўзбекистон уран конларининг экологик реабилитацияси учун 10 млн евро ажратди

Халқаро ҳамжамият уран конлари реабилитацияси фондига янги маблағлар ажратмоқда.

Пайшанба куни Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Лондондаги бош қароргоҳида бўлиб ўтган Марказий Осиё учун Экологик реабилитация ҳисобига бадаллар эълон қилиш бўйича конференцияда 30 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Конференцияни ЕТТБ биринчи вице-президенти Юрген Рихтеринк очди ва банк ўзининг экспертлик салоҳиятини радиациядан хавфли объектларни фойдаланишдан чиқариш жараёнида қўллашга тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.

Европа комиссияси қўшимча равишда яна 10 миллион евро тақдим этди. Шунингдек, йирик бадаллар Бельгия, Швейцария, АҚШ ва Норвегия томонидан эълон қилинди. Литва ҳам маълум бир сумма киритди. Йиғилган маблағлар реабилитацияга муҳтож бўлган янги объектларга фонд фаолиятини жорий этиш имкониятини беради, аммо мазкур минтақадаги биринчи галдаги жами участкаларда ишларни бошлаш учун қўшимча маблағлар талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, Фонд 2015 йилда Европа комиссияси ташаббуси билан ташкил этилган ва ЕТТБ бошқаруви остида фаолият кўрсатиб келади. Экологик реабилитация ҳисоби (ЭРҲ) нинг Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги фаолияти доиравий битим имзоланганидан сўнг бошланди. Қирғизистон ва Ўзбекистондаги тўрт объектда реабилитация ишлари 2019 йилда бошланади.

Собиқ иттифоқ даврида Марказий Осиё муҳим уран манбаси бўлиб келган. Уни қазиб олиш бу ерда қарийб 50 йил давом этган. Боз устига, бу ерга қайта ишлаш учун бошқа давлатлардан ҳам уран рудаси келтирилган. Кон ғорлари ва думсимон омборларда катта ҳажмдаги радиацион материаллар тўпланиб қолган. 1995 йилга келиб уран қазиб олувчи ишлаб чиқариш корхоналарининг аксарияти ёпилган, лекин унгача ҳам, конлар ва кон бойитиш корхоналарининг ёпилганидан сўнг ҳам экологик реабилитация амалда ўтказилмаган.

Минтақада тўпланган радиоактив материаллар атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига таҳдид солиб келмоқда. Уран меросининг кўплаб объектлари минтақанинг аҳоли энг зич жойлашган ва қишлоқ хўжалик маркази — ҳудудлари Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон таркибига кирувчи Фарғона водийсидан ўтувчи Сирдарё ирмоқлари бўйлаб жойлашган.

“Биз Марказий Осиё билан бирдамликнинг янги кўринишини намоён этгани учун жаҳон ҳамжамиятидан хурсандмиз. Бу қатъий қўллаб-қувватлаш бизнинг ишимизга туртки беради ва келгуси йилдан амалий ҳаракатлар босқичи бошланади. Дастлабки қадамлар кўп нарсани ваъда қилмоқда, лекин ҳали кўп иш қилиниши керак, биз барча ҳамкорларимиз билан энг позитив ҳамкорлик мавжуд бўлиб туришига муҳтожмиз”, — дея таъкидлади ЕТТБ ядровий хавфсизлик бошқармаси раҳбари Бальтазар Линдауэр.

Маълумотларга кўра, Экологик реабилитация ҳисоби (ЭРҲ) ЕТТБ томонидан бошқариладиган фондлар ичида еттинчиси ва энг янгисидир. У радиациядан хавфли объектларни эксплуатациядан чиқариш йўли билан минтақаларда ядровий хавфсизликка ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган. ЕТТБ бошқарувидаги бошқа фондлар Чернобил АЭСни ўзгартириш, Болгария, Литва ва Словакияда советча намунадаги эски ядровий реакторларни фойдаланишдан чиқариш, шунингдек, Россиянинг шимолий-ғарбий қисмида радиоактив чиқитлар муаммосини ечиш билан шуғулланади.

“Экологик реабилитация бўйича фаолият ҳал қилувчи босқичга чиқди. Марказий Осиёнинг энг устувор ҳудудларида амалий реабилитция ишларини ўтказиш бўйича режаларнинг кўпи аллақачон тузилган ва мустақил экспертизадан ўтказилган. Мен атроф-муҳитни соғломлаштириш ишлари жараёни имкон қадар тезроқ бошланиши учун Марказий Осиё давлатларининг жаҳон ҳамжамиятига зарур маблағларни йиғиш бўйича чақириғини қўллаб-қувватлайман. Бу дастурнинг кейинги босқичга ўтишини ҳам билдиради”, — деган ЭРҲ ассамблеяси раиси Адриан ван дер Меер.

Мавзуга оид