Ўтган ҳафтада ОАВда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидагилар шу вақтгача «соя»да бўлиб келган устачилик, мардикорчилик, киракашлик, уй хизматлари ва шунга ўхшаш фаолият турларига патент жорий этиш режалаштираётгани, патент нархи бир йилга энг кам иш ҳақининг 4,5 баробари (912 285 сўм) миқдорида бўлиши кутилаётгани ҳақида хабар тарқалди.

Кўп ўтмай вазирлик ОАВларда хусусий киракашлик, кунбай ҳақ тўланадиган ишлар ва хусусий ёлланиб ишлайдиган таъмирлаш-қурилиш ишлари каби фаолият турлари учун патент киритилиши режалаштирилаётгани ҳақида пайдо бўлган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Вазирлик баёнотида «кўрсатиб ўтилган меҳнат фаолият турларига патент жорий этилиши бугунги кунда қонуний ташаббус ҳисобланмайди ва биронта расмий ҳужжатда мавжуд эмас», – деб айтилади. Аммо кейинги сатрлардаёқ «Айни пайтда ушбу масала муҳокама этилмоқда ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги доирасида ўрганиб чиқилмоқда», – деб ҳам ёзилган. Давомида «Қишлоқ жойларидаги норасмий бандлик одатга кўра, дунёнинг кўплаб мамлакатларида энг кенг тарқалган муаммолардан бири саналади», – дея қўшимча қилинади.

Бандлик муаммоми?

Шу ўринда биринчи савол туғилади – бандлик муаммоми?

Иқтисодий-ижтимоий воқелигимиз миллионлаб ҳамюртларимизни «ўз кунини ўзи кўриш»га, хусусан, вазирлик тилга олаётган тирикчилик турлари билан шуғулланишга ундаб келяпти. Бошқа бир неча миллион киши эса узоқ юртларда мардикор бўлишга мажбур. Бу эса қишлоқларимизда отасиз ўсаётган болалар, эрсиз кун кечираётган аёллар, оиласидан узоқда маънан эзилиб, «гастарбайтер» мақомини кўтариб юрган йигитлар ва бошқа чеки йўқ ижтимоий, маънавий, психологик муаммолар занжирининг онасидир. Мазкур оғриқли тафсилотлар мамлакатимизда, хусусан ўша — Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги сўз очган қишлоқларимизда битта бўлса ҳам даромад манбаини қадрламоқни тақозо қилади. Ҳолат шунақа. 

Вазирлик баёнотига яна қайтамиз: «Бу турдаги патентни олиш фақатгина ихтиёрий тарзда амалга оширилган бўлар эди», – дейилган.

Шу ўринда иккинчи савол...

Ихтиёрийми ё ихтиёрий-мажбурий?

Модомики, мазкур патентни олиш ихтиёрий экан, юқорида тилга олинган тирикчилик турлари билан машғул бўлиб юрган фуқароларнинг қанча фоизи ўз ихтиёри билан мазкур патентни олишга рағбат билдиради? Нима деб ўйлайсиз? Ҳолатни билганлар айтади — деярли ҳеч қанча. Маълум сабабларга кўра, солиқ ва бошқа давлат идоралари билан имкон бўлса алоқа қилмасликни афзал кўрадиган, ҳуқуқий билимлари ҳаминқадар одамларимиз, айниқса, қишлоқ одамлари ўз хоҳишлари билан бундай патентни расмийлаштирмайдиларку?